Жаҳон | 20:45 / 24.11.2021
18295
4 дақиқада ўқилади

Глобал эпидемия, Россияда клептократия ва экологик инқироз. 1997 йилда футурологлар нималарни прогноз қилганди?

Футурологлар инсониятнинг 25 йиллик тараққиёти ва фаровонлигини прогноз қилган ва бунга халақит бериши мумкин бўлган 10та сценарийни санаганди.

Tyrone Siu / Reuters / Scanpix / LETA

21 ноябрь куни Reddit’нинг u/TooSmalley никли фойдаланувчиси 1997 йил июль ойида Американинг Wired журналида босилган мақолага ҳаволани жойлаштирди. У «Узоқ бум» деб аталиб, шу номда китоб чиқарган футурологлар Питер Шварц ва Питер Лейден томонидан ёзилган. Meduza нашрида келтирилган мақолада бу ҳақда маълумотлар келтирилган.

Мақолада инсониятни 25 йил ичида кутаётган тараққиёт ва фаровонлик — яқин келажак сценарийси («у бир вақтнинг ўзида ҳам позитив, ҳам ҳақиқатга яқин» деб аталган) ҳақида сўз боради. Глобализация ва технологиялар ривожланиши ана шу сценарийни амалга ошириш шартларига айланди.

Сценарийда бошқа нарсалар қаторида 2010 йилда водород ёнилғисида юрадиган автомобиллар пайдо бўлиши, 2012 йилга келиб, саратон касалликлари генетик муолажаси мукаммаллашиши, 2020 йилда эса одамлар Марсга қўниши тахмин қилинган.

Ушбу космик парвоз вақтига келиб, Россия иқтисодиёти мустаҳкамланади, Хитой эса дунёдаги йирик иқтисодиётга айланади, Ер аҳолиси тахминан 11 миллиард кўрсаткичида барқарорлашади, одамлар бадавлатроқ бўлади ва табиат билан мувозанатда яшаш ҳамда ишлашни ўрганади.

Шунга қарамай, бу сценарий кафолат эмас, бор-йўғи имконият. Агар нимадир кутилганидек бўлмаса, «узоқ бум» юз бермаслиги ҳам мумкин. XX аср бошида дунё бу каби жараёнларни бошдан кечирган. Техник ривожланиш ва иқтисодий ўсиш фаровон келажак ваъда қилди, бироқ Биринчи жаҳон уруши уни йўққа чиқарди. Жаҳон етакчилари асосий эътиборни миллий масалаларга қаратиб, рақобат фойдасига интеграциядан воз кечди, дея тушунтирган Шварц ва Лейден.

Уларнинг фикрига кўра, «жорий даврнинг асосий формуласи қуйидагича: очиқлик – яхши, ёпиқлик – ёмон». Футурологлар ўз мақоласида 20–25 йиллик истиқболда инсоният фаровонлигини таҳдид остида қолдириши мумкин бўлган 10та воқеа ва ҳодисани келтирган. Уларнинг қайд этишича, ушбу воқеаларнинг асосийлари технологик ёки иқтисодий эмас, балки сиёсийдир. Ушбу омилларни муаллифлар тасвирлаган кетма-кетликда келтирилади.

  1. Хитой ва АҚШ ўртасидаги зиддият иссиқ билан чегарадош бўлган янги Совуқ урушга айланади.
  2. Янги технологиялар умидларни оқламайди. Улар меҳнат унумдорлигига кутилган ўсиш ёки сезиларли иқтисодий тикланиш олиб келмайди.
  3. Россия мафия томонидан бошқариладиган клептократияга айланади ёки Европага таҳдид солаётган квазикоммунистик миллатчиликка чекинади.
  4. Европа интеграцияси оқсайди. Ғарбий ва шарқий Европа бирлашиш тўғрисида келиша олмайди. Европа Иттифоқи ичидаги жараёнлар ҳам издан чиқади.
  5. Жиддий экологик инқироз иқлимнинг глобал ўзгаришларига сабаб бўлади. Бу эса бошқа нарсалар қаторида озиқ-овқат етказиб бериш занжирларини бузади. Натижада ҳамма ерда нархлар ошиши, айрим жойларда эса очарчиликка ҳам олиб келади.
  6. Жиноят ва терроризмнинг кескин ошиши қўрқуви дунёни орқага буришга мажбур қилади. Одамлар доимий равишда ўзларини портлатиб юборишлари ёки ўғирлашлари мумкинлиги ҳақида ўйлашади ва ўзгаларга очила олмайдилар.
  7. Ифлосланиш кўрсаткичи ортиши тайёр бўлмаган соғлиқни сақлаш тизимини қамраб олувчи саратон касалликлари тўлқинига олиб келади.
  8. Энергия нархлари осмонга кўтарилади. Яқин Шарқдаги тўнтаришлар нефть етказиб беришни тўхтатади, энергиянинг муқобил манбалари эса пайдо бўлмайди.
  9. Замонавий испан гриппи ёки унинг муқобили назоратсиз эпидемия бўлиб, ўрмон ёнғини каби тарқалади ва 200 миллиондан ортиқ кишини ўлдиради.
  10. Ижтимоий ва маданий келишмовчиликлар тараққиётни ярим йўлда тўхтатиб қўяди. Одамлар олға ҳаракатланишга мажбур.  Бироқ улар бундай қила олмайди...
Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид