Жаҳон | 21:15 / 24.11.2021
8065
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Россия билан 590 млн долларлик «Калашников» автоматлари ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаши мумкин

Қайд этилишича, якуний шартнома имзоланадиган бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагидан автоматларни ишлаб чиқариш бошланади.

Фото: РИА Новости

Ҳиндистон қуролли кучлари томонидан «Калашников» автоматлари сотиб олиш бўйича тузиладиган шартнома қиймати 590 млн доллар деб баҳоланмоқда, деб хабар берди РБК.

Агентлик манбасининг сўзларига кўра, Indo-Russian Rifles Private Limited Россия-Ҳиндистон компанияси ва Ҳиндистон қуролли кучлари ўртасида 680 минг дона АК-203 «Калашников» автоматлари ишлаб чиқариш бўйича шартнома нархи 100 млн долларга пасайган ва 590 млн доллар деб баҳоланган. 

Аввалроқ Janes нашри шартнома қиймати 688 млн долларга тенглигини ёзганди. Автомат ишлаб чиқариш бўйича меморандум 2019 йил февралда имзоланган.

Indo-Russian Rifles Private Limited компаниясининг 50,5 фоиз акцияси Ҳиндистоннинг Ordnance Factory Board давлат компанияси, 42 фоизи «Калашников» концерни ва 7,5 фоизи «Рособоронэкспорт»га тегишли.

Қайд этилишича, якуний шартнома имзоланадиган бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагидан автоматларни ишлаб чиқариш бошланади.

Аввалроқ шартнома доирасида 70 минг дона автомат етказиб берилади, қолган 610 минг донаси эса Ҳиндистонда ишлаб чиқарилади, деб ёзганди Times Now нашри.

Автомат ишлаб чиқариш бўйича шартнома Россия президенти Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида имзоланиши тахмин қилинмоқда, деб ёзади Janes. РБК манбасининг сўзларига кўра, Путин 6 декабрда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашади.

Мавзуга оид