Жаҳон | 07:52 / 25.11.2021
13171
2 дақиқада ўқилади

Москвада меҳнат мигрантлари учун патент нархи ошади

Патентнинг нархи ойига 5341 рублдан 5900 рублгача кўтарилади.

Фото: РИА Новости

2022 йилдан бошлаб Москвада меҳнат бозорининг ҳудудий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициент ошади, бу коэффициент асосида чет эл фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига патент нархи ҳисоблаб чиқилади. Бу ҳақда Москва ҳукумати вазири, шаҳар иқтисодий сиёсат бошқармаси бошлиғи Кирилл Пуртов маълум қилди.

Қабул қилинган қонунга мувофиқ, меҳнат бозорининг ҳудудий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициент 2022 йилда 2,3878 дан 2,4832 гача оширилади. Бу патент нархини ойига 5900 рублгача оширади. Олдинги нарх - 5 341 рубль - 2020 йилда ўрнатилган ва бу йил ўзгармади.

2021 йилнинг биринчи ярмида меҳнат мигрантлари учун анъанавий бўлган тармоқлар – қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалигида расмий иш ҳақи 2020 йилга нисбатан 9,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан патент қийматини мутаносиб равишда индексация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Харажатларнинг ошиши муҳожирларга солиқ юкини тенглаштириш ва Россия меҳнат бозоридаги иш ўринларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Қўшимча бюджет даромадлари тахминан 1,7 миллиард рублни ташкил этади.

2015 йилда Россияга визасиз режимда кирувчи Украина, Молдова, Озарбойжон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун ишга жойлашиш учун патентлар жорий қилинган. Жорий йилнинг 10 ойи давомида Москвада 528 минг патент берилди, шаҳар бюджетига шахсий даромад солиғи кўринишида келиб тушган маблағ миқдори 16,2 миллиард рублни ташкил этди. Ўз навбатида, 2015 йилдан бери берилган меҳнат патентлари сони 3 миллиондан ошди, бюджетга 107 миллиард рублдан ортиқ солиқ ўтказилди, деди Кирилл Пуртов.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид