24 ноябрь куни Швеция ҳукумати раҳбари лавозимига биринчи марта аёл киши — Швеция Социал-демократик ишчи партияси раҳбари ва молия вазири Магдалена Андерссон сайланган эди. Швеция радиосининг хабар беришича, у Яшиллар партиясининг ҳукуматдан чиқиш тўғрисидаги қарори билан боғлиқ ҳолда Вазирлар Маҳкамасида бўлиниш юз бергани туфайли етти соатдан кейин ўз лавозимини тарк этди. Бу, ўз навбатида, парламентда бюджет лойиҳаси рад этилиши оқибатида рўй берди.

Ҳукумат томонидан таклиф этилган бюджет «Швед демократлари» ўнг популист партияга кирувчи мухолифат фойдасига рад этилди.

Андерссон дастлаб мухолифатчилар томонидан ишлаб чиқилган бюджетга эга мамлакатни бошқаришга розилик берганди, бироқ яшиллар бюджетни ишлаб чиқишда «Швед демократлари» иштирок этгани учун коалицияни тарк этишга қарор қилди.

Энди парламент спикери партия етакчилари билан музокараларнинг янги раундини бошлайди. Ушбу музокаралар Андерссон номзоди парламентда овоз бериш учун яна тақдим этилишига олиб келиши мумкин.

Reuters агентлиги хабар беришича, унинг бош вазир сифатида қайтиш имконияти анча юқори: Яшиллар унинг номзодини яна қўллаб-қувватлашга тайёр. Марказ партияси эса овоз беришда бетараф қолишга ваъда берган, бу эса амалиётда қўллаб-қувватлашни англатади. Сўл партия ҳам Андерссон учун овоз беришга тайёр.

Мазкур уч сиёсий куч бюджетни маъқуллай олмаган бўлса-да, улар «Швед демократлари» ҳокимиятга келмаслиги учун бирлашишга тайёр. «Биз Швецияда «Швед демократлари»га таянмайдиган ҳукумат пайдо бўлиши учун яна ҳамма нарса қиламиз», — деди марказчилар етакчиси Анни Лёф. Агар бу мақсад амалга ошса, Андерссон Социал-демократик партия томонидан шакллантирилган кабинетни бошқара олади.

Илк бош вазир аёл

Андерссон тайинлангунига қадар Швеция аёл кишини ҳеч қачон миллий етакчи сифатида сайламаган ягона скандинав мамлакати эди.

54 ёшли Магдалена Андерссон Швеция парламенти томонидан маъқулланди ва ушбу лавозимдаги Стефан Левен ўрнига келди. Мамлакат қонунларига кўра, бош вазир лавозимига сайланиш учун парламент аъзоларининг кўпчилиги қарши овоз бермаслиги кифоя қилади.

Депутатларнинг ярмидан камроғи – 174 киши Швеция Социал-демократик меҳнат партияси етакчиси Магдалена Андерссоннинг сайланишига қарши бўлди. 117 нафар депутат уни қўллаб-қувватлади, яна 57 нафари бетараф қолди. Бу эса унга минимал фарқ билан ғалаба келтирди. Натижалар эълон қилингач, социал-демократлар етакчисини олқишлаб, Риксдагда қарсаклар чалинди.