Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Стокҳолм марказида автобус бекатга келиб урилди: ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бор
Швеция пойтахтининг гавжум кўчасида автобус бекатга келиб урилди. Полиция ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар борлигини маълум қилмоқда, жабрланувчилар сонига оид маълумотлар аниқлаштирилмоқда.
Фото: Henrik Montgomery/TT News Agency/AP Photo/picture alliance
Швеция пойтахти Стокҳолм марказида 14 ноябр куни йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, оқибатда бир неча киши ҳалок бўлди ёки тан жароҳати олди. Пойтахт полицияси хабар беришича, шаҳарнинг шимолида жойлашган университет кампусларидан бири яқинидаги гавжум кўчада автобус одамларни уриб юборган. Жабрланувчиларнинг аниқ сони, ёши ва жинси ҳақидаги маълумотлар ҳозирча номаълум.
Расман тасдиқланмаган, аммо Aftonbladet нашри келтирган маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлган ва бир неча киши жароҳат олган бўлиши мумкин.
Швеция ОАВ хабарларига кўра, икки қаватли автобус кундузи автобус бекатига келиб урилган. Ҳалокат вақтида автобус рейсда бўлмагани сабабли, салонда йўловчилар бўлмаган. SVT телеканали кадрларида ҳодиса жойида тез ёрдам машиналари, ўт ўчирувчилар ва полиция кучларини кўриш мумкин.
Ҳодиса жойи метронинг Tekniska högskolan бекати яқинида жойлашган, бу ерга қўшни ҳудудда Қироллик Технология муассасаси (KTH) жойлашган. Авария маҳаллий вақт билан тахминан соат 15:00 да (Тошкент вақти билан 19:00 да) Östermalm туманидаги Valhallavägen кўчасида содир бўлган. Ушбу вақтда кўплаб одамлар иш ҳафтаси якунига етгач, уйига қайтаётган эди.
Полиция ҳодиса юзасидан одам ўлимига алоқадор модда бўйича жиноят иши қўзғатди, бироқ фожианинг аниқ сабаблари ҳали аниқланмаганини таъкидламоқда. Автобус ҳайдовчиси қўлга олингани ҳақида SVT ва Expressen нашрлари хабар берди.
Швеция бош вазири Улф Кристерссон жабрланувчилар ва уларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. У X платформаси (собиқ Twitter)да ёзишича, ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар орасида яқинларини кўргани кетаётган ёки шунчаки кечани уйда ўтказишни режалаштирган одамлар бўлган бўлиши мумкин. «Биз ҳозирча сабабни билмаймиз, аммо фикрларим, энг аввало, жабрланувчилар ва уларнинг яқинлари билан», — дея таъкидлади ҳукумат раҳбари.
Мавзуга оид
15:43 / 20.11.2025
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида органик қуёш батареялари бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
14:08 / 29.10.2025
Швецияда 13–14 ёшлилар учун ҳибс марказлари жорий этилади
11:40 / 30.09.2025
Швеция Украинага янги «қишки» ёрдам пакетини тақдим этади
10:45 / 26.09.2025