«Светофор-коалицияси ташкил этилди. Социал-демократлар, яшиллар ва эркин демократлар коалицион келишувни тасдиқлашди ва ўз-ўзидан коалицион ҳукумат тузиш бўйича ҳам келишиб олишди. Энди биз бу келишувни ўз партияларимизда овоз бериш жараёнига қўямиз ва бор имкониятларни ишга солган ҳолда яқин ўн кунда бу келишув партияларда тасдиқланишига ҳаракат қиламиз», дея маълум қилди Олаф Шольц Берлиндаги матбуот анжуманида.

Бу коалиция «Светофор» деб номланишига сабаб - уч партиянинг ранглари билан боғлиқ.

Сентябрь ойида бундестаг учун сайловларда Шольц етакчилигидаги социал-демократлар биринчи ўринни эгаллаган, бу уч партиянинг умумий натижаси эса кўпчиликни ташкил этиш учун етарли ҳисобланади.

Меркель партияси «қизиллар»га ютқазди. Германиядаги сўнгги сиёсий ўзгаришлар ҳақида нималар маълум?

Янги ҳукумат дастуридаги асосий пунктлардан бири - иқлим ўзгаришларига қарши курашиш масаласи бўлади: унга кўра 2030 йилга қадар кўмир электрстанцияларини ёпиш (ҳозирги ҳукумат муддати 2025 йилгача), шунингдек, бензин ва дизель ёнилғиларида юрувчи автомобиллардан воз кечиш кўзда тутилган.

Германияни 16 йил мобайнида бошқарган (4та сайлов цикли) канцлер Ангела Меркель сайловлардан анча аввалроқ 2021 йилги сайловларда қатнашмаслиги ва сиёсатдан кетиши ҳақида эълон қилганди. Унинг партияси - Христиан-демократик иттифоқ сентябрдаги сайловларда иккинчи ўринни олди ва коалиция бўйича келишувга эриша олмагач, мухолифатга ўтди.

Меркель ва унинг ҳукумати коалиция бўйича музокаралар олиб борилган ўтган икки ой мобайнида ўз постларида қолди, аммо чоршанба куни, улар сўнгги йиғилишни ўтказишган. Янги ҳукумат декабрь ойининг иккинчи ҳафтасида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Ундан олдин коалиция келишуви, яъни янги ҳукумат дастури коалиция аъзолари бўлган барча партиялар томонидан маъқулланиши керак. Яшиллар уни барча партия аъзолари муҳокамасига киритмоқчи, социал-демократлар ва эркин демократлар партия конференцияларини 4-5 декабрь кунларига чақирган.

Германияда уч партиядан иборат коалиция тузилиши ўнг марказчиларнинг ХДИ/ХСИ блоки ва сўл марказчиларнинг Социал-демократик партияси кучларининг ўнлаб йиллар давом этган бошқарув даврига якун ясаб бермоқда - бу вақт мобайнида ушбу икки асосий куч бир-бирини алмаштириб ёки бир-бири билан коалицияга киришиб мамлакатни бошқариб келган.