Ўзбекистон | 07:45 / 26.11.2021
10321
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўқувчиларнинг сумкалари Миллий гвардия томонидан текширилаётгани бўйича маълумот берилди

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда мактаб ўқувчиларининг сумкалари Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан текширилаётгани ва бу хатти-ҳаракатлар ноқонунийлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.

Миллий гвардия маълумотига кўра, 25 ноябрь куни тахминан соат 12:30ларда пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрган меҳмонлар Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, оддий аскарлар З.Мелиқўзиев ва М.Мадаминовларга мурожаат қилган. Мурожаат мазмун-моҳияти ўсмирларнинг жамоат жойида “бомбочка портлатгани”дан иборат бўлган.

Қайд этилишича, ҳарбий хизматчилар белгиланган жойга бориб, у ерда уч нафар вояга етмаган болани кўрган. Икки нафар 5-синф ўқувчиси А. Ш. ва Р. Ш. пиротехника воситаларини одамларга, асосан, кексалар ва аёлларга ташлаган. Ўсмирлардан бири ҳарбий хизматчиларнинг пиротехника воситаларини уларга топшириш талабига бир қути “бомбочка” берган, иккинчиси уни сумкасига яширган. Сумка ичидаги пиротехника воситалари олиб қўйилаётган вақтда мазкур ҳолат фуқаролар томонидан тасвирга олиниб, интернетга жойланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасига мувофиқ, пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқбузарлик деб топилиб, бунинг учун ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинган ҳолда жарима солишга сабаб бўлади. Вояга етмаган шахсларнинг ота-оналари воқеа ҳақида зудлик билан хабардор қилинган.

Ҳарбий хизматчилар “Миллий гвардия тўғрисида”ги қонуннинг 26-, 27-моддаларига асосан ҳаракат қилгани, улар хатти-ҳаракатида қонунбузилиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кузатилмагани айтилади.

Мавзуга оид