19:59 / 27.11.2021
8157

«Автомобил ювиш шохобчаларининг 60-70 фоизи тоза артезиан сувларидан фойдаланмоқда» — Исломбек Боқижонов

Кеча, 26 ноябр куни АОКА мажлислар залида Экология қўмитаси мутасаддилари иштирокида ер-сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тадбирда қўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов жойларда ичимлик сувларининг қишлоқ хўжалиги ёки бошқа эҳтиёжлар учун ишлатиб юборилаётгани борасидаги саволга жавоб берди.

«Ерости сувларининг ортиқча ва белгиланмаган мақсадлар учун ишлатиб юборилиши долзарб муаммо. Бу ҳақда президент ҳам 24 августдаги селекторида гапирганди.

Ҳозир артезиан сувларидан давлат Геология қўмитаси рухсатномаси билан фойдаланиш мумкин. Лекин кўряпмизки, ер остининг қайсидир қисмида сувлар камайиб кетиши натижасида дарахтлар қуриб қоляпти. Биз шундан келиб чиққан ҳолда, ҳукуматдан, ерости сувлари назоратини Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига беришни сўраяпмиз.

Жойларда бизнинг 220 нафардан ортиқ инспекторимиз бор. Улар ўз вазифасини бажариш давомида ерости сувлари назоратини ҳам қилиб боради», – деди у.

Қўмита раиси ўринбосарига кўра, истеъмолга яроқли сувларнинг исрофгарчилиги кузатилаётган яна бир йўналиш сифатида автомобиллар ювиш шохобчалари фаолиятини кўрсатиш мумкин.

«Жойларда 2 мингдан ортиқ автомобил ювиш шохобчалари бор. Уларнинг 60-70 фоиздан ортиқроғи ҳозир ҳам ерости артезиан сувларидан фойдаланади. Буларнинг рухсатномаси бўлиши керак. Шунингдек, уларга бир ишлатган сувини тозалаб, яна қайта ишлатиш вазифаси қўйилган.

Улар ичида ичимлик сувидан фойдаланадиганлар ҳам бор, уларни кесиб ташлаш керак.

Биз ҳозир республикадаги барча инспекторларимизга топшириқ берганмизки, унга кўра, сувдан фойдаланувчи фермер, тадбиркорларнинг назорати юритила бошланди.

Уларнинг фаолияти ҳам босқичма-босқич қонунийлашиши керак, қонунийлашмаса, уларнинг ишини судга юборамиз», — деди Боқижонов.

Top