Жаҳон | 23:06 / 27.11.2021
31583
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: 1-2 декабрь кунлари давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилмоқда

Украина президенти Владимир Зеленский 1-2 декабрь кунлари Россия иштирокида мамлакатда давлат тўнтаришига уринишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумотга эга эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, давлат тўнтаришида украиналик тадбиркор Ринат Ахметов иштирок этади. Зеленскийда мавжуд маълумотларга кўра, ҳукуматни тўнтариш жараёнига миллиард доллар сарфлашмоқчи.

Украина президенти Владимир Зеленский ва тадбиркор Ринат Ахметов

«Бизда разведка маълумотлари бор, ҳатто аудио маълумотлар ҳам бор. У ерда Украина вакиллари, айтайлик, Россия вакиллари билан Украинадаги давлат тўнтаришида Ринат Ахметовнинг иштироки, миллиард доллар жалб этилишини муҳокама қилишган», - дея маълум қилди Владимир Зеленский 26 ноябрь куни Киевда бўлиб ўтган «Украина президентига 30та савол» матбуот марафонида.

Зеленскийнинг аниқлик киритишича, ундаги маълумотларга кўра, Ахметовнинг шахсан ўзи давлат тўнтаришига ҳозирлик кўрмаяпти, бироқ уни «РФнинг айрим вакиллари ва украиналик айрим ўртоқлар» жалб этишмоқда.

«Мен бу маълумотни Ахметовни менга, давлатга қарши урушга тортиш деб ҳисоблайман. Бу вазиятни издан чиқариш», дейди у.

Президент ва хавфсизлик хизмати ихтиёридаги ёзувларда Ринат Ахметовнинг овози йўқ. Шунинг учун Зеленский уни ёзувларни тинглаш ва маълумот алмашиш учун Банковая кўчасидаги президент офисига таклиф қилди.

Президент журналистларнинг эҳтимолий давлат тўнтариши тафсилотлари тўғрисидаги саволларига жавоб беришдан бош тортди ва ушбу суҳбат иштирокчилари фамилияларини айтмади.

2005 йилда «Систем кэпитал менежмент» гуруҳининг энергетик активларини бошқариш учун асос солинган Донбасс ёқилғи-энергетика компанияси Украинанинг йирик тадбиркори Ринат Ахметовга тегишли. Кремль Украинада давлат тўнтаришини ташкил этиш режаларини рад этяпти.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Зеленскийнинг Украинада Россия иштирокида давлат тўнтариши ҳақидаги баёнотини изоҳлади. «Россияда иштирок этиш бўйича ҳеч қандай режа мавжуд бўлмаган. Россия бундай ишлар билан ҳеч қачон шуғулланмайди», деди у.

Мавзуга оид