22:32 / 29.11.2021
13223

“Ташаббусли бюджет”да юзага келган асосий муаммолар айтилди

Жорий йилнинг июль-сентябрь ойида фуқаролар ташаббусларини молиялаштиришни кўзда тутган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига илк бор рўйхатга олиш ўтказилди. Бу босқичда қандай камчиликларга йўл қўйилди? Молия вазирлиги масъули жавоб берди.

Биринчи марта амалга оширилган “Очиқ бюджет” лойиҳасида таклифларни саралашда камчиликларга йўл қўйилган. Бу ҳақда 28 ноябр куни Сенатнинг Бюджет масалалари қўмитасида “Очиқ бюджет” ахборот порталига бағишланган семинарда Молия вазирлиги департамент директори Шерзод Муҳаммедов Kun.uzга маълум қилди.

“Жорий йилда ушбу жараён илк марта амалга оширилди, турли камчилик ва қийинчиликлар бўлди. Фуқароларимиздан шахсий манфаатларини кўзлаган таклиф билдириш ҳолатлари кузатилди. Бундан ташқари, биз ўзимиз таклифларни модерациядан ўтказиш, яъни танлаб олиш жараёнида тўлиқ эътибор берилмаган ҳолатлар кузатилди. Бунда таклифнинг қиймати ўрганилмасдан белгиланган мезонларга мувофиқ бўлмаган, 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ талаб этадиган таклифлар ҳам илгари сурилганини кўриш мумкин. Бу бевосита ҳудудларда ишчи гуруҳлар билдирилган таклифлар БМҲнинг 4 минг баробаридан ошиб кетмаслиги ва шахсий манфаатларни кўзламаслигини ўрганиши керак”, – деди у.

Молия вазирлиги масъулига кўра, таклифлар асоссиз рад этилган ҳолатлар ҳам кузатилган.

“Ҳудудларда ишчи гуруҳлар бир қатор таклифларни асоссиз рад этган ҳолатлар ҳам кузатилди. Биз бир неча бор фуқароларимиз мурожаатларидан сўнг Молия вазирлиги ҳузурида ишчи гуруҳ ташкил қилдик ва барча рад этилган таклифларни қайта кўриб чиқдик. Бу таклифларнинг ярмидан кўпини асоссиз рад этилган деб топган ҳолда келгуси овоз йиғиш жараёнига ўтказдик”, – деди Шерзод Муҳаммедов.

Маълумот учун, июль-сентябрь ойларида 41 мингдан зиёд турли хил таклифлар илгари сурилди. Ажратилган маблағ доирасида 1600 дан зиёд таклифлар амалга оширилиши кутилмоқда. Уларни молиялаштиришга 400 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Аввалроқ, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига энг кўп таклиф ички йўллар бўйича келиб тушгани маълум қилинганди.

Маълумот ўрнида, “Очиқ бюджет” порталининг (openbudget.uz) ташкил этилишидан мақсад бевосита фуқаролар ташаббус ва талабларини инобатга олган ҳолда камчиликларни бартараф этиш. У июль ойида ишга туширилди ва сентябрь ойигача давом этди.

Top