Жаҳон банки Афғонистоннинг музлатиб қўйилган пулларини қайтариши мумкин – ОАВ
Афғон экспертларининг сўзларига кўра, маблағлар асосан мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмас эҳтиёжларга сарфланади.
Жаҳон банки Афғонистоннинг музлатиб қўйилган пулларини гуманитар ёрдам учун қайтариши мумкин, деб хабар берди Reuters.
Агентлик манбаларига кўра, бошқарув аъзолари Афғонистонни реконструкция қилиш мақсадли фондининг (ARTF) 1,5 миллиард долларга тенг маблағини қайтариш тўғрисидаги АҚШ ва БМТ расмийлари ишлаб чиққан таклифларни муҳокама қилиш учун тўпланади.
Қайд этилишича, Афғонистоннинг 39 миллионлик аҳолиси парчаланиб бораётган иқтисодиёт, озиқ-овқат етишмовчилиги ва ўсиб бораётган қашшоқликка дуч келган.
Афғон экспертларининг сўзларига кўра, маблағлар асосан мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмас эҳтиёжларга сарфланади.
Хабарда айтилишича, ушбу маблағ ўқитувчилар ва бошқа давлат хизматчиларининг ойлик маошларини қопламайди, бу эса, экспертларнинг фикрича, Афғонистон таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар тизимлари инқирозини тезлаштириши мумкин.
Манбалардан бири Жаҳон банки Афғонистонга ўтказиладиган маблағларни назорат қилмаслигини айтган. АҚШ вакили ЮНИСЕФ ва маблағни олувчи бошқа муассасалар ўз назорат механизмларига эга бўлишини таъкидлади.
Жаҳон банки вакили ижроия кенгаши ходимлари ва аъзолари маблағлар гуманитар ёрдам учун БМТнинг ARTF-агентликларига ўтказилишини тасдиқлади, бу бўйича қўшимча маълумот бермади.
Аввалроқ БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури экспертлари агар зудлик билан тегишли чоралар кўрилмаса, қишда миллионлаб афғонлар очликка маҳкум бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.
Эслатиб ўтамиз, 15 август куни толиблар ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг Қўшма Штатлар Афғонистон марказий банкининг АҚШда сақланаётган активларини музлатиб қўйганди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, апрел охирида Афғонистон марказий банкининг валюта захиралари 9,4 млрд долларни ташкил этган.
Мавзуга оид
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
15:30 / 04.10.2024
Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар ажратади
21:27 / 03.10.2024
“Толибон” Ваҳан коридорини очмоқчи. Бу қанчалик реал?
23:22 / 24.09.2024