14:20 / 30.11.2021
5835

Ўзбекистонда БМТ Аёллар қўмитасининг ваколатхонаси очилиши мумкин

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи чоғида қатор учрашувлар ўтказди.

Фото: t.me/SShMirziyoyeva

Саида Мирзиёева Дубайда «Expo-2020» бутунжаҳон кўргазмаси доирасидаги Leadership Expo-2020 павильонида Бирлашган Араб Амирликлари давлат тараққиёти ва келажаги масалалари вазири Охуд бинт Халфан Ал-Руми билан учрашди.

«Айтиш керакки, БАА — сўнгги 50 йилда инсонлар, айниқса, аёллар учун хавфсиз ҳудудга, дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларидан бирига айланди. Учрашувда ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан фикр алмашдик, кўплаб соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилдик», дейди Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари.

Фото: t.me/SShMirziyoyeva

Учрашувда Охуд бинт Халфан Ал-Руми Луврда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кўргазмасига катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади. У Жаҳон банки рейтингларидан бирида бош ислоҳотчи сифатида тилга олинган Ўзбекистон ажойиб юрт экани ва қадимий шаҳарларни кўриш орзусида эканини айтган.

Шунингдек, Expo-2020 доирасида яна бир муҳим учрашув БААнинг халқаро ҳамкорлик бўйича давлат вазири, Expo-2020 бош директори Рим Ал-Ҳошимий билан бўлиб ўтди.

«Expo-2020 Dubai халқаро кўргазмасининг қамрови ва маданий хилма-хиллиги ҳайратга сазовордир. Бу глобал майдон 190дан ортиқ мамлакатни жамлади», дейди Саида Мирзиёева.

Фото: t.me/SShMirziyoyeva

Бундан ташқари, Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари сафар давомида БАА маданият ва ёшлар ишлари вазири Нура Ал-Кааби билан учрашди.

«Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг Expo-2020 доирасида ўтказиладиган «Al-Burda» фестивалидаги иштирокини муҳокама қилдик. Ал-Кааби хоним Ўзбекистоннинг Ислом дунёсида ўрни муҳим эканини алоҳида таъкидлаб ўтди», дейди Саида Мирзиёева.

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари БМТ Аёллар қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори ва Туркиядаги вакили Алия Ал-Ёсир билан ҳам учрашув ўтказди.

Фото: t.me/SShMirziyoyeva

«Алия хоним Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда гендер масалаларини ҳал этиш бўйича эришган натижаларига юқори баҳо берди. У Марказий Осиё мамлакатларидан келган қизлар учун ёзги мактаб яратиш ғоясини қўллаб-қувватлади, шунингдек, мамлакатимизда БМТ Аёллар қўмитасининг ваколатхонасини очишни таклиф этди», дейилади Саида Мирзиёеванинг хабарида.

Аввалроқ, Дубайдаги Dubai Opera саҳнасида «Лазги — қалб ва муҳаббат рақси» балет постановкасининг халқаро премьераси бўлиб ўтганди.

Маълумот учун, Дубайда «Expo-2020» бутунжаҳон кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда сўнгги йилларда мамлакат илмий ва иқтисодий ютуқлари, маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, шунингдек, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш режаси, инвестиция имкониятлари кенг халқаро жамоатчиликка намойиш этилаётган Ўзбекистон Миллий павильони ўз ишини амалга оширмоқда.

Top