Фан-техника | 10:59 / 05.12.2021
72707
5 дақиқада ўқилади

Энг тезкор смартфонлар, Ойдаги «сирли уй» сурати, сузувчи шаҳар – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технохабарларни жамлади.

Энг тез ишлайдиган смартфонлар

Фото: Xiaomi

Xiaomi компаниясининг Black Shark 4S Pro смартфони тезкорлик рейтингида кетма-кет иккинчи ой биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда AnTuTu сайтида маълум қилинди.

Мазкур смартфон Snapdragon 888+ процессори билан жиҳозланган.Унинг тезкор хотираси 16, доимий хотираси 512 гигабайтни ташкил этади. Тезкорлик тестида гаджет 875 мингдан кўпроқ балл тўплади.

Иккинчи ўринга жойлашган ZTE Nubia Red Magic 6S Pro қарийб 853, ундан кейинги ўриндаги Vivo iQOO 8 Pro 847 минг балл тўплай олган.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, дастлабки ўнталикдан ўрин эгаллаган смартфонлар Qualcomm компанияси процессорларида ишлайди.

Болалар учун мўлжалланган квадроцикл

Tesla компанияси расмий сайтида болалар учун мўлжалланган Cyberquad for Kids электр квадроцикли сотуви бошланди.

Квадроцикл 8 ёшдан ошган болаларга мўлжалланган.

Cyberquad квадроциклининг вазни 55 кг бўлиб, у 68 кг оғирликдаги юкни кўтара олади.

Электр квадроцикл соатига 16 кмгача тезликда ҳаракатлана олади. Аккумулятор бир марта қувватлантирилганида 25 км йўл босиш мумкин, уни тўлиқ қувватлантириш учун 5 соатча вақт кетади. Cyberquad for Kids 1,9 минг доллардан таклиф этилмоқда.

Ойнинг орқа томонидаги «сирли уй» сурати

Фото: CNSA

Хитойнинг «Юйту-2» луноходи Ойдан куб шаклидаги сирли жисм суратини жўнатди. Бу ҳақда журналист Эндрю Жонс ўз Twitter саҳифасида хабар қилди.

Ҳозирча бу борада батафсил маълумот олиш имкони йўқ, чунки «сирли уй»нинг тасвири унчалик аниқ эмас.

Ойнинг бу қисмида кратерлар кўп бўлиб, бу жисм астероид зарбаси натижасида пайдо бўлган бўлиши ҳам мумкин.

«Юйту-2» 2019 йилда Фон Карман кратери жойлашган ҳудудга қўнган бўлиб, у Ойнинг орқа томонига етиб келган биринчи луноход ҳисобланади.

Йилнинг энг яхши ўйин ва иловалари

Фото: Shutterstock

Apple компанияси Apple қурилмалари учун 2021 йилнинг энг яхши 15 ўйини ва иловалари рўйхатини эълон қилди.

Таъкидланишича, бу иловалар фойдаланувчиларга ўз қизиқишлари билан машғул бўлиш, янги ижодий имкониятларини очиш ва янги таассуротлар олишда ёрдам берган. 

Among Us симулятори энг яхши ўйинлар сирасига киритилди. Apple шунингдек, Bumble танишувлар иловаси, Canva дизайн дастури ва қора танлиларга тегишли тамаддихоналар ҳақида маълумот берувчи EatOkra иловасини энг яхши иловалар деб топди.

Бундан ташқари, iPhone учун мўлжалланган League of Legends: Wild Rift, iPad учун мўлжалланган Marvel Future Revolution ўйинлари ва LumaFusion видеодастури ҳам рўйхатдан ўрин эгаллади.

50 долларлик ҳуштак

Фото: Tesla

Миллиардер ва Tesla компанияси асосчиси Илон Маск янги гаджетни тақдим этди. У Twitter саҳифасида Cyberwhistle ҳуштаги сотуви бошланганини эълон қилди.

Маскнинг сўзларига кўра, Cyberwhistle – оддий ҳуштак эмас, балки премиум-тоифадаги коллекцион гаджет. У зангламайдиган пўлатдан ишланган ва кўриниши Cybertruck электромобилини эслатади.

“Cybertruck электромобилидан илҳомланиб чекланган миқдорда чиқарилган Cyberwhistle ҳуштаги зангламайдиган тиббиёт пўлатидан тайёрланган премиум тоифадаги коллекция буюми ҳисобланади”, — дейилади маҳсулот ҳақида.

Cyberwhistle нархи 50 доллар бўлиб, унинг дастлабки партияси сотиб бўлинган.

Сузувчи шаҳар

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳри қирғоқларида сузувчи шаҳар қуриш режалаштириляпти. У тошқин ва зилзилалардан ҳимояланган бир неча сунъий ороллардан иборат бўлади. Шаҳар қуёш энергиясидан қувват олади, унинг аҳолиси эса ўсимлик маҳсулотлари билан озиқланади.

Шаҳар олтибурчак шаклида бўлади. Маълум қилинишича, ороллар денгиз сатҳи билан бирга кўтарилиб, тошқин хавфини йўқотади. Шаҳар зилзила, бўрон ва цунамилардан ҳимоя қилувчи инфратузилма билан жиҳозланади.

Лойиҳа муаллифлари шаҳарни қуриш қийматини 200 миллион долларга баҳолаган. Маълум қилинишича, дунёдаги илк сузувчи шаҳар 2025 йилга бориб қурилади.

Мавзуга оид