19:39 / 05.12.2021
30326

Матонатли инсонлар: Фарғонанинг Кокилон қишлоғида ўтган бир кун

Хонадон қўриқчилари тонг саҳар ўқишга отланган уй бекасини катта йўлгача кузатиб қўйишга одатланган. Эгасининг қоронғи кўчада ёлғиз юришдан қўрқишини билган итлар ҳар куни у машинага ўтиргунича кутиб, сўнг уйга қайтади.

Малоҳат опа Мамажонова Қўқон давлат педагогика институти 1-курс талабаси. У Қувасой шаҳри Кокилон маҳалласида истиқомат қилади. Уч фарзандли бўлганидан сўнг азалий орзуси ушалиб, олийгоҳга ўқишга кирди.

Қишлоқнинг содда ва самимий оилалари турмуш тарзи, матонатли инсонларнинг бугунги ўй-хаёллари билан қизиқиб, бир кун шу оилада меҳмон бўлдик.

Оила бошлиғи Ойбек Зокиров электр пайвандчи бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи ўқишдан келгунича кўчадаги юмушларини бажариш баробарида ўртанча ўғли Фирдавсбекни мактабга, кичиги Муҳаммадзиёни боғчага элтиб қўяди. Оиланинг тўнғичи Абдулазиз эса бир неча йилдан буён Россияда ишлар экан.

Ойбек аканинг ўзи ҳам Россияда 18 йил давомида устачилик қилган. Яшаб турган уйини қуриш учун эр-хотин Россияда ишлаб келишган. Икки хона уй тиклашга етгулик маблағ жамғарилгач, оила муҳожирликдан ватанга қайтган.

Тушликдан кейин она ўқишдан қайтади. Биргалашиб чой ичишгач, уй бекаси шафтоли боғга ўтин тергани чиқади.

Нафасини ростлаб олган бека қишлоқ ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

«Марғилондан Фарғона шаҳрига турмушга чиққанман. Тақдир тақозоси билан ҳовли учун ер сотиб олганимиздан кейин уч ўғлимизни олиб, ишлаш учун оилавий Россияга бордик. У ерда бир неча йил ишлаб, мана шу икки хонали иморатни тикладик.

12 йил деганда Қўқон давлат педагогика институти талабаси бўлиш бахти насиб қилди. Ҳар куни соат 4:50да тураман. Нонушта тайёрлаб, сўнг йўлга — шаҳар марказига бориш учун машинага чиқаман. Кейин у ердан автобусга ўтириб, соат 8:30да биринчи парага етиб бораман».

У рўзғорда турмуш ўртоғига ёрдам беради. Ўқишга бориб келишига бир кунда 50 минг сўм пул сарфлар экан.

«Дам олишга вақтимиз деярли бўлмайди. Қачон дам олганимни, тўғриси, эслай олмайман. Ҳафтада 3 кун институтга бораман. Қолган кунлари фарзанд тарбиясига эътибор қаратаман.

Оила иқтисодини фақат эркак киши зиммасига қўйиб қўйиш ҳозирги замон талабига тўғри келмайди. Аёл киши биргаликда ҳаракат қилсагина оилада барака бўлади. Шунинг учун ҳам биргаликда рўзғор учун хўжайинимга ёрдам бераман.

Марғилон шаҳрида онамнинг кичик дўкони бор. Ўқишдан бўш кунларим онамга дўконда қарашаман. Узоқ масофага бориб ўқиганим учун кўп пул кетади. Қўқон шаҳрига бориб келишнинг ўзи бўлмайди».

Уй бекаси бир кун келиб қишлоқда ҳам шароитлар яхши томонга ўзгаришига умид қилиб яшайди.

«Контракт тўловим 6 миллион 400 минг сўмни ташкил қилади. Стипендия олмайман. Тўлов-контракт суммасининг 1/3 қисмини тўладик. Таълим кредити олишга ҳаракат қилдик. Лекин амалга ошмади. Сумманинг қолган қисмини тўлашга ҳаракат қиляпмиз»

У қишлоқда яшашнинг мураккаблиги, яхши ва ёмон томонлари ҳақида ҳам гапирди.

«Бу ерда нарсалар пул билан ўлчанмайди. Масалан, ёзда шафтоли, гилос ва олма каби мевалар пишади. Одамлар меваларни ҳам бир-бирига очиқкўнгиллик билан беради. Бу қишлоқда ҳамма бир-бирини танийди. Ёши улуғ, маънавиятли инсонлар кўп қишлоғимизда.

Ноқулай томонлари ҳақида гапирсам, қишлоқ шаҳардан узоқда. Марказий супермаркетлар йўқ. Эҳтиёж учун шаҳарга боришга тўғри келади. Рўзғор харажатларини шаҳардан ташиб келамиз. Сумка тўла нарса билан 3 километрлаб йўл босиб, уйга пиёда келамиз. Қишлоқларимиз ривожланиши, имкониятлар яратилишига умид қилиб яшаймиз».

Уй бекаси иморат қуриш учун Россияга оилавий кетганлари ҳақида эслади. Оила 10 йил ижарада яшаган.

«Ўз уйингда яшаш, қўрғонинг бўлиши, фарзандларинг билан бир пиёла иссиқ чойни, бир қошиқ овқатни хотиржамлик билан ичишни биз ҳақиқий бахт, деб биламиз.

Турмуш ўртоғим Россияга ишлаш учун кетганидан кейин болаларимни олиб ортидан бордим.

Мусофирчиликда осон эмас. Фарзандларим Россияда дастлабки 6 ой мобайнида уйда ўтиришди. Кейин уларни боғча ва мактабга жойлаштирдик. Таълим муассасасига жойлаштириш ҳам осон бўлмади. Мусофирчиликда минг хил хаёл. Минг хавотирда турасиз. Фарзандларим боғчада яхши юрибдимикан, деган хаёллар ўтади.

Санкт-Петербург шаҳри чеккасидаги «Шишкина Лампушки» деган зоопаркда ишладик. Турмуш ўртоғим ҳайвон ўргатувчи, мен эса ҳайвонлар озиқ-овқат таъминотчиси бўлиб ишладик.

У ерда намгарчилик юқори эди. Ҳар куни ёмғирли кун бўларди. Ҳар замон қуёш чиққанини кўриб кўзимиздан ёш чиқиб кетарди. Ота-онангизни соғинасиз. Жигарларингизни кўргингиз келади.

У ерда ортиқча еб ичилмайди. Топган пулимизнинг бир қисмини уйга жўнатсак, бир қисмини ўз эҳтиёжларимиз учун ишлатар эдик.

Пул топиш учун зоопаркда Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган ёввойи ҳайвонлар билан ишлаганман. Ҳайвонлар ҳам инсон меҳрини ҳис қиларкан. Инсон уларга қанча меҳр берса, ўзимизнинг ўзбек тилида гапирсак ҳам зоопаркдаги ҳайвонлар буни ҳис қилишарди. Очиқкўнгил бўлиб ишласангиз бошлиқлар ҳам буни билишади. Эвазига ойликни ҳам вақтида тўлашади».

Оила 14 йил аввал Кокилон қишлоғидан ер сотиб олган. Ўтган йили карантин пайтида эр-хотин мана шу уйни қураётганди.

«4 йил давомида йиғган пулимизни олиб келиб, уйни 9 ойда тикладик. Имкон қадар уйни битказиб, кўчиб чиқишга ҳаракат қилдик.

Яшашга уйимиз бўлмагани учун январда Россиядан келибоқ уй қуришга киришганмиз. Қишда чиллани чилла, совуқни совуқ демадик. Карантин айни кучайган пайтда ҳам битталаб ғиштларини териб, уйни биргалашиб тиклашга ҳаракат қилдик. Мақсад — уйимизни тезроқ битириш эди.

9 ойда 2 хонали уйни тиклашга эришдик. Уй қурилишида усталар ҳам ёрдамлашди. Асосий ишларини хўжайинимнинг ўзи қилган. Турмуш ўртоғим Россияда кўп йиллар ишлагани учун қўлидан кўп ҳунар келади».

Оила бошлиғи турмуш ўртоғининг институтдаги контрактини тўлаш ва икки хонали уй ёнига қўшимча уй солиш учун яна Россияга кетмоқчи.

«Турмуш ўртоғимнинг ҳозирги кунда ишлари вақтинча бўлиб турибди. Қишда монтаж ва устачилик ишлари кам бўляпти. Улар эндиликда яна Россияга кетади. Фарзандларим эҳтиёжи учун ҳам, контракт тўловимни тўлаш учун даромад келадиган жой йўқ. Ҳали олдинда 4-5 йил ўқиш турибди. Шуларни ҳисобга олиб турмуш ўртоғим яна Россияга боришлари керак.

Ўғилларим учун яна 4 хона уй солишимиз керак. Машина олишимиз керак. Олдимизда шундай режаларимиз бор. Рўзғордан орттириб бирор нарса қила олмадик».

Малоҳат Мамажонова яна қишлоқ муаммолари ҳақида тўхталди.

«Қишлоғимизга ичимлик суви етиб келмаган. Ҳамманинг уйида қудуқ бор. Қишлоқ ерларида 12-14 метрдан сув чиқади. Қудуқ суви ичишга яроқлими яроқли эмасми билмаймиз, ҳали лаборатория текширувидан ўтмаган. Иложсизликдан шу сувдан фойдаланамиз. Тиндириб, қайнатиб ичишга мажбурмиз.

Свет масаласида айтадиган бўлсак, яқин ўртада трансформатор жойлашмаган. Қишлоқда кундан кунга аҳоли сони ортиб боряпти. 5 км узоқликда жойлашган фермадан линия тортиб келганмиз. Ўша линияда ҳам 155 вольт ёнади, холос. 220 вольтга бормайди.

Қиш-қировли кунларда свет кўп ўчади. Чунки горсветнинг ҳам бу ерда айби йўқ. Ҳамма уйни иситишга тўғри келгани учун нагрузка кўпайиб кетади. Қишлоғимиз одамлари ўтин, кўмир, таппи ёқиб, электр иситкич билан исиняпти.

Кўчаларимизга машина кириши учун шароит йўқ. Асфальтланмаган. Қишлоқда 5та маҳалла бор бўлса, бирор жойга чироқ ўрнатилмаган. Кечаси ҳамма ёқ зим-зиё бўлади. Тулки ёки чиябўри уй жониворларига ҳужум қилади.

Яқинда кечаси фарзандимнинг тўсатдан соғлиги ёмонлашди. Тез тиббий ёрдам чақирдик. Улар бир ярим соат давомида кўчамизни ахтаришибди. Тасаввур қилинг, ўша пайтда онанинг аҳволи қандай бўлади.

Газ қувурни ўтган йили ҳашар йўли билан 4та маҳалла аҳли тортиб келди. Икки кўчага газ қувури тортилмай қолиб кетди. Маҳаллагача 300 метр қолди, холос. Маҳалламизга қувурни тортиб келиш учун 9 миллион сўм маблағ кетар экан.

Аксарият аҳоли кам таъминланган, ўзимизга ўхшаган ойликка яшаётган оддий инсонлар бўлгани учун маблағ йиға олмаяпмиз. Ҳомий ҳам топилмаяпти».

* * *

Уй бекасининг гапларига қулоқ тутиб, қишлоқда яшашнинг ўзига яраша машаққати бўлишини яна бир бор ҳис қиласиз.

Одамларда тиним йўқ... Қўшни аёл ғичирлатганича қудуқдан сув тортди. Қайсидир уйдаги мўридан тутун чиқди. Ҳовли рўпарасидаги шафтолизорда боғбон ўғли билан арава етаклаб ўтиб кетди. Дарахтларнинг тилла рангга кирган барглари истар-истамай шитирлаганича ерга тўкилади.

Тақдирини шу замин билан боғлаган матонатли инсонлар умргузаронлик қилаётган қишлоқ билан хайрлашдик...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Top