Фан-техника | 13:46 / 08.12.2021
75920
4 дақиқада ўқилади

Гуруҳ ва каналларда контент ҳимояси, аноним постлар, қурилмаларни янгича бошқариш имконияти – Telegram’да янгиланишлар

Фото: Kun.uz

Эндиликда Telegram’даги гуруҳ ва каналларда бошқалар контентни сақлашининг олдини олиш, муайян вақт муддатларидаги хабарларни ўчириб ташлаш, уланган қурилмаларни янгича усулларда бошқариш, оммавий гуруҳларда канал номидан аноним пост қилиш имконияти пайдо бўлди. 7 декабрь куни Telegram жамоаси томонидан бир қанча ўзгаришлар билан мессенжернинг янгиланган версияси тақдим қилинди.

Гуруҳ ва каналларда ҳимояланган контент

Энди контент яратувчилар материалларини фақат улар танлаган аудитория кўриши учун гуруҳ ва каналларидан кўчиришни тақиқлаши мумкин. Бунинг учун гуруҳ ва каналлар эгалари хабарларни узатиш имкониятини чеклаши мумкин. Агар узатиш чекланса, фойдаланувчилар бевосита медиани сақлай олмайди ва скриншот қила олмайди.

Хабарларни сана асосида ўчириш

Telegram фойдаланувчилари ўз ёзишмалари тарихини тўлиқ назорат қила олади ва хабарларни суҳбатнинг бошқа иштирокчиларидан изсиз ўчириб ташлаши мумкин. Бугунги янгиланиш бирор шахсий чатда муайян кун ёки вақт оралиғидаги хабарлар тарихини тозалаб ташлаш имконини ҳам беради. Тақвимни очиш учун чат бўйлаб айлантираётганингизда қалқиб чиқадиган сана панели босилади ва қайси кунларни тозалаб ташлаш танланади.

Муайян саналар учун чат тарихини тозалаш ҳозирча фақат яккама-якка чатларда ишлайди, лекин исталган чатда хабарлар юборилганидан бир кун, бир ҳафта ёки бир ой кейин автоматик ўчириб ташланадиган қилиб созлаш мумкин.

Уланган қурилмаларни бошқариш

Telegram’дан барча қурилмаларда бир вақтда фойдаланиш мумкин. Қурилмалар менюси фойдаланувчининг ҳисобига қаердан кирилганини бошқариш имконини беради. Янгиланган версияда десктоп (компьютер орқали) қурилмасини тез улаш учун янги тугма ҳамда муайян вақтдан кейин нофаол иловаларда ҳисобдан автоматик чиқиш учун созлама киритилган.

Рўйхатдаги исталган қурилмани босиб, у ҳақдаги ахборотни кўриш ва у чақирувлар ёки янги махфий чатларни қабул қила олишини бошқариш мумкин.

Оммавий гуруҳларда аноним пост қилиш имконияти

Оммавий гуруҳлар ва каналлар чатларида хабар юборганда канал сифатида кўриниш имконияти қўшилди. Бунинг учун хабар панели ёнидаги профиль расми босилади ва каналлардан бирини танлаш керак бўлади. Шундан кейин фойдаланувчи юборадиган хабарлар унинг шахсий ҳисоби ўрнига канал номи ва расми билан кўринади.

Telegram жамоасининг маълум қилишича, эндиликда айрим мобил қурилмаларда Telegram’дан SMS орқали кодларни олиш ўрнига логин чақирувини қабул қилиш ва чақирув қилган телефон рақамининг бир нечта рақамини киритиш имконияти таклиф қилинади.

Шунингдек, бирор гуруҳ ёки каналга қўшилиш сўрови юборилганда унинг админи хабар билан жавоб берса, чатнинг юқори қисмида унинг гуруҳи ёки канали номи кўринади.

«Бу янгиланишдан бошлаб бот админлари админ бўлган чатларида қўшилишни сўраётган фойдаланувчилар билан ҳатто фойдаланувчи олдин бот билан мулоқот қилмаган бўлса ҳам боғланиши мумкин. Бу чексиз имкониятларни очади: қўшилишдан олдин шунчаки гуруҳ чати қоидаларини қабул қилишдан тортиб, синов тестидан ўтиш, канал яратувчиларига кичик хайрия қилишгача», – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, дастурнинг Android қурилмаларида фойдаланувчилар учун янги чат мавзулари пайдо бўлган. iOS фойдаланувчилари учун эса аввалроқ Android’ларга берилган бир қанча имкониятлар қўшилган.

Мавзуга оид