Жаҳон | 21:04 / 08.12.2021
43454
4 дақиқада ўқилади

Ҳитлернинг даҳшатли қуроли: вазни 1350 тонна, ўқи 7 тонналик замбарак

Калибри 80 сантиметрли, стволи 30 метрдан ортиқ, тўла вазни 1350 тонна бўлган замбарак 7 тоннагача бўлган снарядларни 47 км масофага ота оларди. Супероғир артиллерияни жангга тайёрлаш учун 5 ҳафта вақт керак бўлган, бунинг учун 4 минг киши овора бўлган.

Фото: Wikipedia

Телба фашист ўз мақсадига етиш учун ҳар қандай разилликдан тоймасди. Унинг ихтиёридаги “Шверер Густав” замбараги ҳайбати биланоқ ҳаммани даҳшатга соларди. Яхшики бу қуролни кўп миқдорда ишлаб чиқариш, истаган жойга олиб бориш, оммавий жангларда ишлатишнинг имкони йўқ эди. Йўқса, Ҳитлерни тўхтатишнинг имкони бўлмас, жаҳон тарихи ҳам эҳтимол ўзгача тус оларди.

Адолф Ҳитлернинг катта саҳнага чиқиши ва “Шверер Густав” замбарагининг яратилиши деярли бир вақтга тўғри келади. 1930 йиллардан бошлаб Ҳитлер катта сиёсатда шитоб билан одимлаётган бир пайтда тахминан шу йилларнинг охирларида қуролсозликка ихтисослашган Крупп оиласи улкан замбарак лойиҳасини ҳаётга татбиқ эта бошлагандилар.

Замбаракнинг бу қадар ҳайбатли бўлишида аниқ мақсад кўзланганди. Ҳитлер Германияси ўша пайтда Францияни жиддий душман деб билар, забт этиш учун барча кучларни сафарбар қилганди. Франция Германия хавфини аввалдан ҳис қилган ва душманни кутиш мумкин бўлган чегара ҳудудига бетондан жуда қиммат ва мустаҳкам истеҳком – Мажино чизиғини барпо этганди. Бетон девор шу қадар қалин эдики, 7 метрлик қалинликдаги истеҳкомни ўша пайтдаги бирорта қурол маҳв эта олмасди. “Шверер Густав” замбараги айни мана шу вазифани бажариш учун керак эди.

Шунда Ҳитлерга мазкур қурол лойиҳасини тақдим этадилар. Дастлаб ишонқирамаган фюрер кейинчалик қизиқиш билдиради ва Мажино чизиғини тешиб ўта оладиган замбарак лойиҳасини тасдиқлайди.

Аниқ мақсад билан яратилаётган бу қурол тайёр бўлганида шу қадар даҳшатли кўринишга келадики, унинг ҳужумкор кўрсаткичлари на ўша давргача, на бугунги кунгача янгиланган. Калибри 80 сантиметрли, стволи 30 метрдан ортиқ, тўлиқ вазни 1350 тонна бўлган замбарак 7 тоннагача бўлган снарядларни 47 километр масофага ота оларди.

Қуролсозлар сулоласидан бўлган Алфрид Крупп 1941 йилда Рюгенвалд шаҳрида Ҳитлерга шахсан ўзи замбарак имкониятларини намойиш этади. Замбаракнинг ўқи 7 метрли бетон ҳамда 1 метрли ҳимоя қопламасига эга деворни 37 км масофадан туриб тешиб ўтади. Ҳитлер иккита замбаракка буюртма беради. Крупп сулола анъанасига кўра дастлабки намуна учун пул олмайди, иккинчи замбарак учун эса 7 миллион рейхсмарка (бугунги кунда тахминан 25-30 миллион доллар) пул тўланади.

Аммо тақдирнинг аччиқ ҳазили билан на замбаракнинг ўзи, на у парчалаб ташлаши керак бўлган Мажино истеҳкоми иш беради. Немислар Францияни Белгия орқали осонлик билан эгаллайдилар, замбаракни ишлатишга, Мажино чизиғини бузишга ҳожат қолмайди. Шундан кейин ўта қиммат ва амалда самарасиз ҳарбий лойиҳаларни “Мажино чизиғи” дея аташ урф бўлади.

Аммо “Шверер Густав” замбараги барибир урушда қўллаб кўрилади. Совет Иттифоқига қарши Севастопол жангида, “Барбаросса” операцияси доирасида у 30 метр чуқурликдаги ўқ-дори омбори (бункер)ни йўқ қилади ва бир неча истеҳкомларни ўққа тутади. Лекин бу ҳам ҳайратланарли рақамларсиз кечмаган – замбаракни тайёрлаш учун 5 ҳафта муддат сарфланади ва 4 минг киши овора бўлади!

Кейинчалик замбарак Ленинград яқинига олиб келинади, аммо ишлатилмайди. Варшава қўзғолонини бостириш мақсадида замбаракдан ўқ отишга тайёргарлик кўрилади. Бироқ уни тайёрлагунларига қадар қўзғолон бостириб бўлинади.

Шу тарзда ишлатиш ва кўчириш ноқулайлиги, отишга тайёрлангунча жуда кўп вақт йўқотилиши, сақлаш ҳамда эҳтиёт қисмлар етказиш жуда мураккаблиги туфайли бу қурол уруш охирига қадар ҳам бекор туради. 1945 йилдагина, уруш якуни маълум бўлиб, иттифоқчилар қўлига ўтиши хавфи туғилганида немислар томонидан йўқ қилинади.

Интернет маълумотлари асосида
Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид