Ўзбекистон раислигида «Италия – Марказий Осиё» иккинчи вазирлар конференцияси бўлиб ўтди
8 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида «Италия – Марказий Осиё» шаклидаги иккинчи вазирлар конференцияси бўлиб ўтди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари, Италия ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари, иқтисодий ва молиявий тузилмалари, соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари иштирок этди.
Қатнашчилар Марказий Осиё давлатлари ва Италия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Замонавий таҳдид ва хатарлар: минтақадаги экологик муаммоларни ҳал этиш, экстремизм ва терроризм каби трансмиллий таҳдидларнинг олдини олиш, шунингдек, миллатлараро тотувлик, халқларнинг дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўллари таҳлил этилди.
«Ўзбекистон барча Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик шерикчилик даражасида алоқалар ўрнатган. Жаҳон сиёсий луғатларида «Марказий Осиёча кайфият» деган атама пайдо бўлган. У минтақамизда пайдо бўлган ҳамкорлик ва ўзаро тушунишнинг ижобий сиёсий ҳолатини англатади», деган Абдулазиз Комилов.
Шунингдек, Комилов Италия – Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, Афғонистондаги вазиятнинг минтақага таъсири борасида гапирди.
Конференция сессиялари доирасида минтақавий иқтисодий шерикликни такомиллаштириш, савдо-инвестиция, транспорт ва транзит соҳаларида ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш механизмлари кўриб чиқилди. Шунингдек, анжуман доирасида «Марказий Осиё ва Италия ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакалани қабул қилди.
Суҳбат чоғида ноябрь ойида Европа Иттифоқи билан ўтказилган икки томонлама ва минтақалараро музокаралар натижалари ҳамда сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Абдулазиз Комилов ва Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Луижи Ди Маё ўртасидаги учрашувда эса 2022 йилда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ва саноат ҳамкорлик ва экспорт кредитлари бўйича Ўзбекистон-Италия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг 7-йиғилишини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
«Парламентлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни, хусусан, Самарқанд вилояти ва Ломбардия ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтиришга ҳар икки томон тайёрлиги билдирилди», – дейилади вазирлик хабарида.
Бундан ташқари Абдулазиз Комилов тадбирга ташриф буюрган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан ҳам алоҳида учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида сиёсий-дипломатик, чегаралар, савдо-иқтисодий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Мавзуга оид
18:23 / 08.10.2024
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти кескин қисқарди. Нега?
21:34 / 07.10.2024
Италияда эрта қариш синдромига чалинган 28 ёшли эркак вафот этди
21:27 / 03.10.2024
“Толибон” Ваҳан коридорини очмоқчи. Бу қанчалик реал?
13:49 / 01.10.2024