Жаҳон | 23:05 / 11.12.2021
5730
1 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Кентукки штатида торнадо натижасида 70 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар сони ошиши мумкинлиги айтилмоқда

Кентукки губернатори мазкур торнадони штат тарихидаги энг вайронкор деб атади.

Фото: AP

АҚШнинг Кентукки штатида камида 70 киши торнадо қурбони бўлди. Бу ҳақда штат губернатори Энди Бешир маълум қилди, деб хабар бермоқда The Assosiated Press.

«Эрталаб 50 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотга эга бўлгандик, ҳозирда қурбонлар сони 70 нафарга етди. Ҳалок бўлганлар сони 100 нафаргача етиши мумкин», — деди Бешир.

Кентукки губернатори мазкур торнадони штат тарихидаги энг вайронкор деб атади. Президент Жо Байден жабрланганларга ёрдам берилишини ваъда қилган.

Кентуккида  ҳаммаси бўлиб тўртта торнадо юз берган, 15та округда вайронгарчиликлар қайд этилган. Торнадо штатдаги шам ишлаб чиқариш заводи, Иллинойсдаги Amazon корхонаси ва Арканзасдаги қариялар уйига талафот етказган.

Аввалроқ табиий офат оқибатида Теннесси штатида уч киши, Арканзасда бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид