Янги Конституция, янги Қўйлиқ, эски депутатлар, эски МТРК — X-News
“Снос”га тушган “Қўйлиқ” ўрнига “дом” қуриладими? Янгиланадиган Конституцияга қанақа моддалар киритилиши керак? Тезликни ёқтирадиган ҳайдовчиларни қандай янгиликлар кутяпти? Xpress'нинг ҳафта дайжестида шу ва бошқа мавзуларда сўз юритилади.
Ҳафта воқеаси – шубҳасиз, Сурхондарё вилояти Денов тумани марказидаги портлаш. Ўзбекистонда бунақанги даражада кучли портлаш бўлганини сиз ҳам эслай олмасангиз керак.
7 декабр тундаги портлашдан кейин вайроналар орасидан 2 кишининг жасади топилди, камида 9 киши жароҳатланган. Жароҳат олганлардан 2 нафарининг аҳволи ўрта оғир, улардан бирининг ўнг қўл бармоқлари узилиб кетган...
Портлаш шу қадар кучли бўлганки, бир неча километр наридан ҳам сезилган. Жами 65та уй зарар кўрган, 6та хонадон умуман яшаб бўлмайдиган аҳволга келган.
Портлаш сабаби бўйича расмийлар айтаётган тахмин – бир неча соат давомида газ сизиб чиқиши. Лекин бу тахминга ҳамма ҳам ишонқирамаяпти. Портлаш рўй берган вақтда бинонинг 2-қаватида бўлганлардан бири “Дарё” мухбири билан суҳбатда “газ умуман чиқмагани, ҳиди чиқса, сезган бўлишлари”ни айтган.
Шу атрофда яшовчилар эса портлашдан икки кун аввал савдо мажмуасига одамлар киритилмагани, у ерда савдо қилинмаганини айтган. Улардан айримлари портлаш уюштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Яна бир шубҳали ҳолат савдо марказидаги тадбиркорлар билан боғлиқ. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг айтишича, “Инденим” савдо марказида ишловчи тадбиркорлар портлашдан бир кун олдин мажмуадаги мавжуд товарларини инвентаризация қилиб чиққан ва у ерда қанча мол-мулклари борлигини аниқлаб олган. Улар бу ҳақда тергов жараёнида айтиб ўтишган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган, ўндан ортиқ экспертизалар тайинланган. Бош прокуратура портловчи моддалардан фойдаланилмаган деган дастлабки хулосани берди.
Бир жиҳатга эътибор беринг. Портлаш соат 03:57да рўй берган эди, лекин шу куни “Ўзбекистон” ва “Ўзбекистон 24” телеканалларидаги “Ахборот”нинг ҳатто кечқурунги сонларида ҳам бу ҳақда маълумот берилгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Миллий телерадиокомпания ва унинг ҳудудий бўлимларига бюджетдан 429 миллиард сўм ажратилади. Бу – салкам 40 млн доллар дегани.
Янги Конституция
Деновдаги портлаш қанчалик қонли ва даҳшатли бўлмасин, мутлақ кўпчиликка тааллуқлилиги бўйича бошқа бир янгиликка тенг келолмайди: Ўзбекистонда конституцияни янгилашга тайёргарлик бошланяпти.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 декабр – Конституция куни арафасида Ўзбекистон халқига йўллаган табригида маълум қилди.
Давлат раҳбари иккинчи президентлик муддатига киришган маросимда ҳам бу ҳақда айтиб ўтган, лекин ўшанда конституцияни “такомиллаштириш” ҳақида сўз борган эди. Энди эса яна ҳам аниқроқ бўлди: конституция янгиланади. Кейинги йил 8 декабр санасига яқин Янги Ўзбекистоннинг янги конституцияси қабул қилинади.
Шавкат Мирзиёев бутун халқни бу жараёнда ўз фикр-мулоҳазалари билан қатнашишга чорлади. Реалликдан келиб чиқиб давлат тилининг обрўсини кучайтириш, божлар миқдорини белгилаш ваколатини ҳукуматдан олиб қўйишни таклиф қилган бўлардик. Ҳокимлар сайлови ва ишончсизлик вотуми кабиларни ҳам конституцияга киритиш вақти келгандир балки?
Янги “Қўйлиқ”
Сешанба куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарихий “Қўйлиқ” бозори “снос”га тушганини эълон қилди. Бунинг ортидан уйғонаётган саволларга эса доимгидек жавоб берилмаяпти.
Ҳокимиятнинг айтишича, бозор бузилишига сабаб – йўлни кенгайтириш ва кўприк қуриш. Лекин бозордаги тадбиркорлар нима қилади, Тошкентда озиқ-овқатлар нархлари нима бўлади, кўприкни ким қуради, бузиладиган бозор ўрнига “дом” қуриладими – бу саволларга расмий жавоб йўқ.
Расмий жавоб йўқ бўлса ҳам, кўп нарса маълум бўлиб бўлди. “Қўйлиқ”дан 6,5 км масофада, Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида Food City мажмуаси қурилган экан. Ижтимоий тармоқларда тадбиркорларни Food City'га кўчишга ундаш учун ҳам “Қўйлиқ” бозори бузилаётгани ҳақида ёзишяпти. Food City'нинг номи аллақачон “Янги Қўйлиқ бозори” деб ўзгартирилган.
Бу ситининг эгалари қаторида казо-казолар борлиги ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди. Ўзи шундайлиги ҳам аниқ эди, ахир харитага қаранг: 50 гектардан ортиқ майдон суғориладиган ер бўлганини тахмин қилса бўлади. Бунчалик катта суғориладиган ерда қурилиш қилишга рухсат олиш эса унча-мунчанинг қўлидан келадиган иш эмас.
Агар “Қўйлиқ”нинг бузилиши менга тааллуқли эмас, мен шаҳарнинг бошқа бурчагида яшайман деётган бўлсангиз, адашасиз: “Қўйлиқ” – бу бутун бошли савдо тизимининг боши: шаҳардаги савдогарларнинг аксарияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини айнан шу ердан олиб кетишади.
Шу сабабли ҳам “Қўйлиқ”даги тадбиркорлар кўчишга қарши: улар янги мажмуада ижара нархлари жуда қимматлиги, бу эса товарлар нархини ошириши, мижозларини йўқотиб қўйишларини айтишяпти.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон тажрибасида йўлларни кенгайтириш ва кўприклар қуриш тирбандликларни камайтирмаслиги исботланган. Бунинг учун биринчи ўринда жамоат транспортини яхшилаш керак.
Янги монополиялар?
“Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлиши керак”. Шавкат Мирзиёев янги Конституцияга мана шу тамойилни киритишни таклиф қилди. Охирги пайтларда бўлаётган ишларни инобатга олсак, бу жуда ўринли таклиф.
Масалан, ҳукуматнинг импорт квоталарини жорий қилиш ҳақидаги қарори, иқтисодчиларнинг фикрича, инсон манфаатларига зид. Аниқроғи, танлаб олинадиган инсонларга фойдали, жуда кўпчиликка эса зарарли.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тушунтиришича, импорт квоталарини киритиш – савдога тўсиқ қўйишнинг усулларидан бири. Янги тартиб натижасида импорт қилиш ҳуқуқи ҳам монополияга айланиб кетиши мумкин. Чунки, ҳужжатга кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги белгиланган квота миқдорини импортёрларга бўлиб беради. Бошқача айтганда, ҳукумат қайси тадбиркор қайси маҳсулотни қанча миқдорда импорт қилишини белгилаб беради. Бу эса коррупция ва монополияга йўл очиши мумкин.
Таниқли иқтисодчилар Отабек Бакиров ва Беҳзод Ҳошимов ҳам бу қарорни танқид қилиб чиқди. Улар савдони чеклаш аҳолини камбағаллаштиришини айтишди. Беҳзод Ҳошимов 164та давлат аъзо бўлган Жаҳон савдо ташкилотига ҳалигача қўшилмаганимизни эслатиб, бунинг оқибатини битта мисолда тушунтирди:
“Тарихимиздаги энг кўп тўғридан тўғри инвестициялар киритилган йил – 2019 йилда бизга кирган чет эл инвестициялари Грузияга кирган инвестициялардан ҳам камроқ эди. Ваҳоланки, Грузия биздан ўн баробар кичик ва мамлакатнинг салмоқли қисми оккупация остида”.
Эски депутатлар
Бир нечта ҳафта олдин “бола пули” ва “декрет пули” масаласида таклиф билан чиққан депутатларни мақтагандик. Бекор экан. Катта эҳтимол депутатлар бу талабини, аниқроғи таклифини ҳукуматга ўтказа олмаган.
Биласизми, охирги йилларда очиқлик ҳақида қанча гапирилди, депутатлар учун фойдаси йўқ экан. Улар мажлисларини ёпиқ эшик орқасида ўтказишга ўрганиб қолишган. Ҳатто президент фармони ҳам уларни очилишга мажбурлай олмаяпти.
Шу йил ёзда қабул қилинган фармон билан 1 декабрдан бошлаб Олий Мажлис палаталаридаги мажлислар жонли эфирга узатилиши керак эди. Лекин ўзларини халқ вакиллари деб атайдиганлар фармонни айланиб ўтишнинг ҳар хил йўлларини излашяпти. Ҳозирча иккита йўлини топишди: биринчиси – Telegram'да копи-пестдан иборат матнли трансляция, иккинчиси – мажлиснинг бор-йўғи кичик бир қисмини эфирга узатиш.
Афсус, фармонда шунчаки “жонли эфир” деб кетилган экан, “тўлиқ равишда жонли эфир” дейилганида балки бунақа “лазейка” топа олишмасди.
Дарвоқе, фармоннинг бажарилмаётган талаби фақат бу эмас. Қайси депутат ва сенатор қайси қонунга қанақа овоз бергани ҳам очиқланиши керак эди.
Ўз сайловчиларидан бунчалик қочадиган депутатлардан нима ҳам кутиш мумкин?
Тўлиқ дайжест билан Xpress'нинг YouTube'даги саҳифасида танишинг.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024