Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Макрон ва янада кўпроқ ўнглар. Франциядаги президентлик сайловларида кимлар иштирок этади?
2022 йил апрелида Францияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида давлатнинг амалдаги раҳбари – марказчи Эммануэль Макрон бир қанча ўнг ва ўта ўнг номзодлар билан рақобатлашади.
Ўнлаб йиллар давомида француз сиёсатида марказий ўрин тутган ва бутун дунёда сўл ғоялар модасини ўрнатган социалистлар чуқур инқирозда. Ижтимоий сўровномаларга кўра, сўл номзодларнинг ҳеч бири сайловнинг иккинчи босқичига ўтиш имкониятига эга эмас.
Миграцияни қандай қилиб назорат қилиш ва мусулмон аҳолини ассимиляция қилиш, республика қадриятлари ва Black Lives Matter ҳаракати ҳамда «бекор қилиш маданияти» – сайловчиларни ҳам, сиёсий элитани ҳам қизиқтирадиган масалалар мана шулардан иборат.
BBC ўнг ва ўта ўнг номзодлар ҳамда уларнинг ғоялари Франциядаги сайлов кампаниясини қандай шакллантиришини тушунтиради.
Француз ўнгларининг эски ва янги қиёфалари
Франция президенти Эммануэль Макрон ўз номзодини ҳали расман эълон қилмаган. Бироқ иккинчи муддатга номзодини қўйишига шубҳа қиладиганлар кам.
Сўнгги ойларда ўтказилган турли ижтимоий сўровномалар унга французларнинг 24-25 фоизи овоз беришга тайёр эканини кўрсатди. Бу бошқа даъвогарларга қараганда кўпроқ, бироқ биринчи турда ғолиб бўлиш учун етарли эмас.
Макроннинг бўлажак сайловлардаги асосий рақиблари ўтган ҳафта охирида аниқ бўлди. Жак Ширак ва Николя Саркози каби собиқ президентлар мансуб бўлган «Республикачилар» консерватив партияси ўз номзодини танлади. Парижни ҳам ўз ичига оладиган Иль-де-Франс региони раҳбари Валери Пекресс Макронга рақиб бўлди.
Пекресс ўзининг учдан икки қисмини Ангела Меркель ва учдан бир қисмини Маргарет Тэтчер деб атайди. Тўғри, уни рус тилини билишидан ташқари (Пекресс япон ва инглиз тилларида ҳам сўзлаша олади) яна қайси жиҳат собиқ немис канцлери билан боғлаб туриши охиригача тушунарли эмас.
Пекресс – ўта консерватив сиёсатчи. Депутат бўлган вақтда бир жинсли никоҳларга қарши чиққан (тўғри, кейинчалик ўз позициясини ўзгартирган). Унинг президентлик дастурида асосий эътибор миграцияни чеклаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
«Жорий иммиграцияни тўхтатиш ва республикамиз қадриятларини ҳимоя қилиш» ҳамда «Кўчада тартиб ўрнатиш» – сайловолди манифестининг илк бўлими ана шундай номланган.
Шунингдек, Пекресс радикаллар ўз муддатини ўтаб, қамоқхонадан чиққанидан кейин ҳам уларни қамоқда сақлашни таклиф этмоқда. Унинг фикрича, жамоат хавфсизлиги ана шуни талаб қилади.
«Республикачилар»дан номзодлик учун унинг асосий рақиби мамлакат жанубидан бўлган ультра ўнг депутат Эрик Сьотти эди. У миграция масаласига нисбатан ўта кескин позицияни эгаллаган ва ҳатто Францияда террорчиликда гумонланувчилар сақланадиган АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонаси муқобилини яратишни таклиф этади.
Консерватив электоратни жипслаштириш учун Пекрессга Сьоттининг қўллаб-қувватлаши зарур. У ўз кампанияси доирасида Сьотти билан ҳамкорлик қилишни исташини айтганди.
Шу билан бирга, Сьоттининг миграция масалаларидаги қарашлари Эрик Земмурникига мос келади. Унинг президентликка номзоди илгари сурилиши асосий сиёсий сенсацияга айланди.
Земмурни рақиблари ва тарафдорлари «француз Трампи», сиёсатда тажрибаси йўқ – публицист ва провокатор сифатида машҳур деб билишади.
Земмур феминистлар, мигрантлар ва мусулмонларга қарши курашади ҳамда хорижий исмларни тақиқлашни талаб этади, шунингдек, нацистлар билан ҳамкорлик қилган Виши режимини ҳам оқлайди. Мусулмонлар, араблар ва қора танли французларга қарши провокацион баёнотлари учун икки марта судлангани ҳам унинг қарашлари нақадар радикал эканидан далолат беради.
Эксперт ва журналистларни ҳайратда қолдирган ҳолда, уни французларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлашга тайёр – турли сўровномаларга кўра, мазкур кўрсаткич 13 фоиздан 17 фоизгачани ташкил этмоқда. Бу эса бошқа сўл қанот номзодлар кўрсаткичидан кўпроқ.
Оқ-қора кино, Брижит Бардо ва Жан-Поль Бельмондо иштирокидаги фильм кадрлари, шунингдек, Бетховен Еттинчи симфонияси парчаси билан безатилган видеода Земмур ўз номзоди президентликка илгари сурилаётгани ҳақида маълум қилди.
Ўтмишни ёдга солувчи видео фонида Земмурнинг овози французларга «Жанна Д’Арк ва Людовик XIV мамлакати, Бонапарт ва генерал де Голл мамлакати, рицарь ва гўзал хонимлар мамлакатини қайтариш»га ваъда беради.
Земмурнинг асосий рақиби – узоқ вақт француз ўта ўнглари етакчиси бўлган аёл Марин Ле Пен. У 2017 йилги сайловларнинг иккинчи турида Макронга ютқазганди.
Сўровномаларга кўра, Земмур ва Марин Ле тарафдорларининг умумий сони сайловчиларнинг 30 фоизидан кўпроқ бўлиши мумкин.
«Ўта ўнглар Францияда бунчалик машҳурликка ҳеч қачон эришмаганди», дейди Лондон университети коллежида Франция ва Европа сиёсати профессори Филипп Марльер BBC билан бўлган суҳбатда.
«Буюк алмаштириш назарияси»
Эрик Земмур Марин Ле Пен ҳатто талаффуз ҳам қилолмайдиган гапларни баралла айтмоқда. Масалан, у «буюк алмаштириш назарияси»ни очиқчасига илгари сурмоқда. Назария муаллифи 1980-йилларда гомосексуал адабиёт юлдузи, ҳозирда миграцияга қарши ўта ўнг курашчи, француз ёзувчиси Рено Камю (Нобель мукофоти совриндори Альбер Камюга алоқаси йўқ).
Назариянинг моҳияти шундаки, гўёки, Ғарбнинг оқ ва насроний аҳолисини Африка ҳамда Осиёдан бўлган қора танли мусулмон мигрантлар билан алмаштириш борасидаги фитна мавжуд.
«Бу ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган мутлақо ақлдан озган ғоя», дейди Марльер.
У Янги Зеландия Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда 51 киши, жумладан, 3 ёшли болани ўлдирган террорчи мазкур назарияга таянганини ёдга солади.
«Бу нафақат французча ғоя, бироқ Франциядан келиб чиққан. Земмур уни ўйламай қўлламоқда. Марин Ле Пен бу каби ғояларга эҳтиёткорлик билан ёндашади, Земмур эса йўқ», дея қайд этади профессор Марльер.
Мазкур назария тезда машҳурликка эришди ва тор доиралардан чиқиб, асосий мавзуга айланди. Яқинда ўтказилган сўровнома, французларнинг 61 фоизи мамлакатда «буюк алмаштириш» содир бўлаётганига ишонишини кўрсатди.
Маданий урушлар ва АҚШ таъсири
Макрон ва унинг ҳукумати риторикаси – француз сиёсатининг ўнгга бурилишига яққол мисол. Собиқ банкир 2017 йилда ўнглар ва сўллар анъанавий бўлинишни инкор этиш платформасида сайланди. Сайловчиларни унинг тизимсиз номзодлиги ва оптимизми, шунингдек, Макроннинг анъанавий партиялардан ҳеч бирига алоқаси йўқлиги факти жалб этди.
Бироқ унинг даврида вазирлар кабинетига бир неча ўнг сиёсатчилар кирди. Сўнгги икки йил ичида у миграция ва ўзликни англаш масалаларида кескин позицияни эгаллай бошлади.
Радикал кучлар томонидан амалга оширилган қатор терактлардан сўнг, президент «ислом сепаратизми»га қарши уруш эълон қилди. У ислом дини билан эмас, сиёсий мафкурага қарши курашаётганини таъкидлади. Бироқ у томонидан таклиф этилган чоралар масжидлар устидан давлат назорати ва улар молиялаштирилиши устидан назорат кучайтирилишини англатади.
Бунга параллел равишда, у Американинг мультимаданият ва ирқчиликка қарши ғояларида Франция учун таҳдидни кўрди. Black Lives Matter («қора танлилар ҳаёти муҳим») шиори остидаги норозилик намойишлари Парижгача етиб келганида у француз умуминсоний қадриятлари асосидаги ватанпарварлик зарурлигини маълум қилди.
«[Тенглик учун] кураш сепаратистлар томонидан қўлга киритилганида қабул қилиниши мумкин эмас», деди Макрон.
Францияда одамнинг ирқи ва этник келиб чиқишини полиция ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатларда кўрсатиш тақиқланган. Француз сиёсий маданиятида оммавий майдонда барча республика фуқароси деб ҳисобланади. Диний ва маданий фарқлар эса шахсий ҳаётга тегишли.
«Бекор қилиш маданияти», тизимли ирқчилик, колониализм мероси, ўзликни англаш – ҳали ҳам француз зиёлилари ва сиёсатчилар учун энг қайноқ мавзулар саналади. Улар мазкур ғоялар Францияда мавжудлиги ёки Америка муаммоларининг ақлсизларча экспорти экани, либерал ОАВ эса уларни Европага сингдиришга уриниши борасида баҳслашишади.
Президент атрофидагилар маданий урушларнинг бошида туради. Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен супермаркетлардаги «ҳалол» бўлимларига қарши чиқади. Чунки унинг фикрича, бу сепаратизмнинг намоён бўлиши ҳисобланади. У ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини ўлдирганлик учун қаттиқроқ жазо тайинлашни талаб этувчи полициячилар митингида ҳам иштирок этган.
«Макрон ўнгга сурилгани борасида шубҳалар мавжуд эмас. Албатта, президент сифатида ғазабли [ўта ўнг] баёнотлар қилишни истамайди. Унга керак бўлган нарса - атрофидагилар, тарафдорлари ва вазирлар буни унинг номидан гапиришига имкон бериш. Мен улар буни унинг номидан айтишяпти, деб ҳисоблайман. Чунки у ҳеч қачон уларга қарши чиқмайди. Макрон уларни тўхтатмайди, мен у буни атайлаб қилади, дея тахмин қиламан. У мазкур масалаларда қаттиққўл бўлиб кўринишни истайди», дейди Лондон университети коллежи профессори Филипп Марльер.
Кабинетнинг яна бир аъзоси – олий таълим вазири Фредерик Видаль француз университетларини «ислом сўллиги»га текширишни буюрди. Мазкур атама остида ўта ўнг танқидчилар гендер, ирқ ва постколониал тадқиқотларни бирлаштиради.
Видаль уларни «жамият танасидаги гангрена» деб атайди. Унинг тасаввурида мазкур ғоя тарафдорлари жамиятни ажратиш ва уриштириши мумкин бўлган нарсаларни топади, радикал ва жангари ғояларни тарқатади.
Макроннинг ўзи академик дунё ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ирқий ўлчам беришга ҳаракат қилиши, бу эса сепаратизмга олиб келиши ва республика таназзули билан таҳдид солаётганини айтган.
Француз университетлари жавоб тариқасида ҳукумат расмийларининг ўз дастурларини цензура қилишга уринишларига қарши чиқди. Марльер гендер, ирқий ва постколониал тадқиқотлар – ҳажм бўйича фаннинг кичик соҳаси ва унга бағишланган ишлари сони жуда кам эканини таъкидлайди.
Сўл ғоялар инқирози
«Сўл номзодлар ўта аҳамиятсиз, улардан ҳеч бири сўровномаларда 10 фоиздан кўп олмайди. Сўл қанот инқирозда, у жамиятда асосан қонун ва ҳуқуқий тартиб, ислом, иммиграция масалалари томонга бурилган муҳокамаларга таъсир ўтказмайди. Земмур ўзини сувдаги балиқ сифатида ҳис этаётгани ҳайратланарли эмас», дейди Марльер.
Сўнгги икки юз йил ичида Франция дунёга кўплаб инқилобий, сўл ғоя ва таълимотларни берди. Бутун дунёда машҳур француз муаллифлари, жумладан, Нобель совриндорлари Жан-Поль Сартр, Альбер Камю ва Анатоль Франс ана шундай ғояларни тарқатишди.
«Франция ҳақида ўйлаганда француз инқилоби ва Париж коммунаси хаёлга келади. Бу кучли сўл анъаналар мамлакати», - дейди Марльер.
Бироқ ҳозир сўлчилар заифлашган. Социалистик партия сўнгги 50 йил ичида француз сиёсатидаги асосий кучлардан бири эди. Президентлар Франсуа Миттеран ва Франсуа Олланд айнан шу партиядан чиққан. Бироқ партия 2017 йил мағлубиятидан кейин ўнглана олгани йўқ.
Ўшанда унинг президентликка номзоди иккинчи турга ўта олмади. Кейин эса парламент сайловларида қаттиқ мағлубиятга учради – социалистлар бор-йўғи 5 фоиз овоз тўплади.
Сўл либерал газета Le Monde партия изтиробда эканини ёзганди. Партиянинг Сена чап қирғоғидаги штаб-квартираси сотилиши ва Париждаги ишчилар шаҳарчасига кўчиб ўтиши ана шу инқироз рамзига айланди.
«Социалистлар ҳокимиятда эди, кейин эса барини йўқотишди. Улар ҳеч нарсани ортга қайтара олмади. Афтидан партия омон қолиш учун курашмоқда ва унинг ўрнини эгаллайдиган бошқа партия йўқ», дейди Филипп Марльер.
Мавзуга оид
10:40 / 09.06.2026
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
08:50 / 08.06.2026
SIPRI: дунёда ядровий қуроллар сони яна ўсиши мумкин
20:14 / 31.05.2026
Францияда оздирувчи дори сотиб олганларнинг харажатлари қоплаб берилади
08:59 / 28.05.2026