Спорт | 21:34 / 14.12.2021
10693
1 дақиқада ўқилади

Олимпиада очилиш маросими илк бор дарёда бўлиб ўтади

2024 йилда Парижда ўтадиган ёзги Олимпиада очилиш маросими илк бор стадионда ўтмайди. Париж Олимпиадаси ташкилотчиларининг таъкидлашича, улар Ўйинларнинг азалий анъанасини бузиб, очилиш маросимини дарёда ўтказишга қарор қилишди.

Фото: Reuters

Маълумотларга кўра, маросим 2024 йил 26 июлда Парижни кесиб ўтувчи Сена дарёсида бўлиб ўтади. Ташкилотчилар унга 600 минг томошабин ташриф буюришини кутишмоқда. Улар маросим очилишини кўприклар ва соҳилдан кузатишлари мумкин бўлади. Шунингдек, дарёнинг иккала қирғоғида 80та катта экран ўрнатиш режалаштирилган.  

200дан кўпроқ давлат спортчилари ва расмий шахслари Париж марказидаги Пон-д'Аустерлиц ва Пон-д'Иена кўприклари ўртасидаги 6 кмлик масофани 160дан кўпроқ қайиқда сузиб ўтишади. Олимпиаданинг ёпилиш маросимини эса Трокадеро майдонида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Париж Олимпиадасининг очилиш маросимини Сенада ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаган. 

Олимпиадага 10 мингдан кўпроқ спортчилар келиши кутилмоқда. Ўйинлар 2024 йил 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид