Ўзбекистоннинг Эрондаги Чобаҳор портидан фойдаланиш имконияти муҳокама қилинди
Чобаҳор портидан фойдаланиш масалалари бўйича Ҳиндистон, Эрон ва Ўзбекистон уч томонлама ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги расмий сайтида хабар берилди.
Йиғилиш Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари А.Мўминов, Эрон йўл ва шаҳарсозлик вазирининг ўринбосари А.Сафойи ва Ҳиндистон портлари, кемасозлик ва денгиз йўллари вазири ўринбосари С.Франжа раҳбарлигида ўтган. Онлайн форматда ўтган мулоқотда транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, минтақавий ва халқаро транспорт коммуникация инфратузилмасини шакллантириш масалалари муҳокама қилинган.
Хусусан, томонлар Эроннинг Чобаҳор портидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасини порт билан боғлайдиган транспорт-логистика комплекси ва транспорт коридорлари соҳасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашган.
Учрашув давомида Эрон ва Ҳиндистон вакиллари томонидан Чобаҳор порти инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, ҳамда хорижий давлатлар томонидан ушбу транспорт-транзит ва логистика хаби салоҳиятидан фойдаланиш шартлари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Учрашув якунида томонлар Эроннинг Чобаҳор порти орқали юк ташувларини ташкил этиш, тарифларни оптималлаштириш, юкларни етказиб бериш муддати ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ўрганиш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олди.
Маълумот учун, Чобаҳор Эрондаги Бандар-Аббосдан кейинги иккинчи йирик порт ҳисобланади. Уммон кўрфазида жойлашган Чобаҳор Эрондаги ягона океан порти бўлиб, уммон билан 300 км тўғридан тўғри чегарага эга. У дунёдаги мега-порт мақомига эришиш имконига эга 10 та муҳим портлардан бири. Жаҳон савдоси учун муҳим порт ҳисобланган Чобаҳор йилига 8,5 миллион тонна маҳсулот ўтказиш қувватига эга. Эрондаги фақат шу бандаргоҳ 250 минг тонна юк олувчи кемаларга хизмат қила олади.
Мавзуга оид
12:10 / 21.12.2024
Ўзбекистон ва Эрон картошка етиштиришда ҳамкорликни йўлга қўяди
14:52 / 20.12.2024
Эрон Ўзбекистоннинг қатор маҳсулотларига экспорт учун рухсатнома беради
16:32 / 19.12.2024
Ўзбекистон Эрон билан қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кучайтиради
19:15 / 15.12.2024