Ўзбекистонда 2022 йилдан ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари пасаймоқда. Лекин ставкалар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” учун ўзгармасдан қолади. Бу 2022 йилги бюджетнома ва президент қарорида ҳам акс этганди.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметов 2022 йилги давлат бюджети борасида ахборот берди. 

“Бюджет барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2022 йилда Навоий кон металлургия, Олмалиқ кон металлургия ва “Ўзбекнефтгаз” корхоналарига ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари сақлаб қолинади. Шунингдек, мазкур корхоналарнинг соф фойдаси бўйича дивидендлар 100 фоиз миқдорда давлат бюджетига йўналтирилиши кўзда тутилмоқда”, — деди вазир.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари камайтирилиши октябр ойи бошида имзоланган фармонда белгиланган эди.

Унга асосан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари:

  • нефт ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (амалда нефт 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз);
  • олтин ва мис учун 7 фоизгача (амалда олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз);
  • вольфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (амалда 10,4 фоиз);
  • уран учун 8 фоизгача (амалда 10 фоиз) камайтирилиши кутиляпти.

Ерости бойликларини ўзлаштирувчилар учун бундай катта имтиёзлар 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасида ҳам акс этган.

Ерости бойликларини ўзлаштирувчиларга бундай катта имтиёзларнинг берилиши ерости бойликларнинг хорижий ва олигархларга тегишли компанияларга ўтиб кетиши хавфини туғдирмайдими деган савол туғилмоқда. 

Бугунги ялпи мажлисдаги нутқи давомида Тимур Ишметов солиқ ставкаларининг пасайтирилишини шундай изоҳлади:

“Солиқ ставкаларини пасайтириш орқали инвестицияларни жалб қилиш ва фойдали қазилмалар миқдори кам бўлган конларни ўзлаштириш назарда тутилган.

Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи жорий қилинмоқда. Бу ўз навбатида ер қаъридан фойдаланганлик учун паст ставкалар билан биргаликда қуйидагиларга имкон беради:

  • инвесторларга капитал харажатларни қоплаш;
  • фойдали қазилмалар кам бўлган конларнинг ривожланишини таъминлаш.