Сенатнинг экологияга масъул қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга пойтахтдаги дарахтлар кесилиши ва шаҳар экологияси бўйича савол берди.

Тожиевнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида 1,2 миллионга яқин дарахт хатловдан ўтказилган, аммо уларнинг 20 фоизи ҳам ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган. Натижада мораторийга қарамай дарахтларни кесиш ҳолатлари ҳали ҳам давом қилмоқда.

“2021 йил январ-ноябр ойларида 33 609 туп дарахтни кесиш учун Экология қўмитасига 2 479та ариза келган. 1 483та аризага рад жавоби берилиб, 22 145та дарахт сақлаб қолинган. Бу – маълумот, лекин кўп жойларда қурилишлар дарахт бор жойларда олиб бориляпти. Ҳокимликда дарахтларни сақлаб қолиш масаласида қандай ишлар қилиняпти?

Иккинчи масала – қурилиш, реконструкция ишлари давомида суғориш тизимларига шикаст етказилиши натижасида дарахтларнинг қуриши, касалланиши ҳолатлари кўпайиб кетяпти. Масалан, Чилонзор туманида жойлашган Ғафур Ғулом боғида 15та дарахт, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғида 35та дарахт қуриши ҳолатлари аниқланган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Баҳодир Тожиев
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Табиий омиллар таъсирида қуриган ва инсонлар ҳаётига хавф соляпти деб, 852та ариза билан 9 739та дарахт кесилиб кетган. Яшил ҳудудларнинг камайиши каби ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигида аниқ режалар борми?” – сўради сенатор палатанинг 16 декабр кунги ялпи мажлисида.

Бунга жавобан Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарахтлар шу вақтгача эгасиз бўлиб келгани туфайли кесилиш ҳоллари кўп бўлганини айтиб, бунда шаҳар ҳокимлигининг ҳам айби борлигини тан олди.

Охирги йилларда умуман дарахтларнинг аниқ эгаси бўлмаган. На экологияга қарашли бўлган, на ҳокимиятга қарашли бўлган, рақамлаштирилмаган. Ким қаерда хоҳласа, дарахт экилган. Экиш керакмас бўлган жойда ҳам дарахт экилган, экиш керак бўлган жойда экилмаган ҳолатлар ҳам бор.

Ҳурматли президентимиз ташаббуслари билан ҳозирда экологик полиция ташкил қилинган. Ҳолат назоратга олинди ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Рақамлаштириш маркази ташкил қилинди. Ҳозир Рақамлаштириш марказида ҳар битта дарахтни аниқ ҳисобга олиб, бошқарувини йўлга қўйяпмиз.