Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат дастурлари шакллантирилишини назорат қилишнинг янги тизими жорий этилади
Президентнинг «Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2022 йилдан бошлаб ҳар йили вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари билан биргаликда 1 апрелга қадар жойларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг ҳолатини, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурати ва уларнинг жойлашувини, шунингдек ушбу масалалар бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганади.
Молия вазирлиги 1 майга қадар лойиҳа-қидирув ишларини молиялаштириш учун зарур маблағларни буюртмалар кесимида шакллантиради. Вазирлар Маҳкамаси 1 июлга қадар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқиб, уларнинг дастлабки манзилли рўйхатини тасдиқлайди.
Ҳудудлар, соҳалар ва тармоқлар раҳбарлари дастлабки манзилли рўйхатга киритилган лойиҳалар бўйича лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатларини 1 ноябрга қадар экспертизадан ўтказиш чоралари кўради ва бу борада уларга шахсий жавобгарлик юклатилади. Календарь йилининг якунига қадар келгуси йиллар учун дастур тасдиқланиб, унга киритилган лойиҳалар бўйича танловлар (тендерлар) эълон қилинади. Бунда дастурга лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган лойиҳалар киритилишига йўл қўйилмайди.
2022 йил 1 январдан бошлаб консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:
молиялаштириш манбаи аниқ бўлмаганда, белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, иш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари) мавжуд бўлмаганда ёки ҳужжатлари қурилиш-монтаж ишлари билан бир вақтда тайёрланганда, яъни параллел равишда олиб борилганда;
пудратчи (лойиҳачи) ташкилотлар танлов (тендер) ўтказилмасдан танлаб олинганда («Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
Қурилиш-пудрат ишлари бўйича танловлар (тендерлар) электрон шаклда ўтказилмасдан тузилган шартномалар Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан рўйхатга олинмайди ва ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди («Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
Давлат ташқи қарзи (халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари қарз маблағлари бундан мустасно) ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда қуйидаги мажбурий тартибда комплекс экспертизадан ўтказилади:
қиймати 5 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг ва ундан юқори бўлган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ҳужжатлари ва уларни ишлаб чиқиш учун техник вазифалар;
қиймати 1 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг ва ундан юқори бўлган товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш бўйича тендер ҳужжатлари;
қиймати 1 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг ва ундан юқори бўлган, тендер ҳужжатлари комплекс экспертизадан ўтказилмасдан тузилган импорт контрактлари ва уларга қўшимча келишувлар.
Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа доирасида лойиҳаолди ва тендер ҳужжатлари экспертизаси Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги томонидан халқаро келишувларга мувофиқ ташкил этилади.
Консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган давлат дастурларининг шакллантирилиши ва ижро этилишини, шунингдек ушбу дастурлар доирасида маблағлар мақсадли ишлатилишини назорат қилишнинг янги тизими жорий этилади.
Мавзуга оид
09:10 / 30.06.2026
Ҳукумат прекурсорлар муомаласи устидан назоратни кучайтирди
08:58 / 25.05.2026
Ўзбекистонда архив хизматлари устидан назорат кучайтирилади
18:00 / 06.05.2026
Қурилиш объектлари видеокамера орқали онлайн назорат қилинади
09:54 / 14.04.2026