Ўзбекистон | 19:59 / 17.12.2021
14429
6 дақиқада ўқилади

«Пластик картадан пул ўғирлаш оммалашган» — ИИББ вакили билан пойтахтдаги жиноятчилик даражаси ҳақида суҳбат

Тошкент шаҳрида 11 ой ичида 18 мингдан ортиқ жиноятлар содир этилган, қасддан одам ўлдириш ҳолатлари оила-турмуш доирасида содир бўлмоқда, жиноятлардаги ёшлар улуши 1,5 мингга яқин.

Нилуфар Исахонова / Фото: Kun.uz

Kun.uz Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова билан 2021 йилда Тошкент шаҳрида содир этилган жиноятлар ҳақида суҳбат уюштирди.

2021 йилда Тошкентда содир этилган жиноятлар сони қанчани ташкил этади? Ўтган йилги кўрсаткич билан таққосланса, бу кўпми ёки кам?

 – Ҳозирги кунда ҳисобот юритиш шакли ўзгаргани муносабати билан рақамларни ўтган йиллар билан солиштириш амалиётидан воз кечилган. Содир этилган жиноятлар 100 минг аҳолига нисбатан ҳисобланади. Жорий йилнинг 11 ойи давомида жиноят қидирув йўналишида пойтахтда 18 минг 165та жиноят қайд этилган.

Бевосита ички ишлар органлари ходимлари ташаббуси билан аниқланган жиноятларга тўхталсак, уларнинг сони январь-ноябрь ойларида 5 минг 644тани ташкил қилди. Шундан 1 минг 375таси гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар, унда 122 кг 756 грамм гиёҳвандлик ва 108 минг 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари тарқалиб кетишининг олди олинди.

12 минг 544та жиноят фош этилди, улардан 171таси ўтган йилларда содир этилган жиноятлардир. 822 нафар қидирувдаги жиноятчилар ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.  

Январь–ноябрь ойларида жиноятлар қайси туманларда кўпроқ қайд этилди?

— Йил давомида содир этилган жиноятлар сони 100 минг аҳолига нисбатан Бектемир, Миробод ва Чилонзор туманларида юқори ҳисобланади. Бу туманларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида маҳаллабай чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинган.

Энг кўп содир этилган жиноятлар ҳақида гаплашсак. Шаҳарда айнан қайси жиноят турлари оммалашди дейиш мумкин?

Энг кўп содир этилган жиноятлар фирибгарлик (7 минг 171 та) ва ўғрилик (5 минг 298 та). Мисол учун, ҳозирда пластик карталардан пул ўғирлаш ёки фирибгарлик ҳолатлари оммалашган.

Биз фуқароларга доимий равишда тушунтирамиз: пластик картангизнинг маълумотларини бегона шахсларга берманг деб.

Тўғри, пластик карта савдо қилиш, хизмат кўрсатиш, коммунал ва бошқа тўловларни тўлашда кўплаб қулайликларга эга. Лекин бу каби операцияни амалга оширишда SMS орқали келадиган махфий кодни бошқаларга бериш мумкин эмас. 4 рақамдан иборат махфий код фақатгина пластик картанинг эгаси шахсан электрон операцияни амалга ошириши учун керак. Қолган ҳолатларда бу рақамни бошқа шахсларга бериш мумкин эмас.

Афсуски, фирибгарлар пластик карта эгасига қўнғироқ қилиб, ўзини банкдан, Cliсk, Payme ёки бошқа тўлов хизматлари ташкилоти ходими эканини айтиб, фуқароларни алдаб, ушбу маълумотни сўраганда, пластик карта эгалари бу маълумотларни бериб юбориши ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Оқибатда фирибгар пулларни ечиб олмоқда ва фуқаро жабрланмоқда.

Тошкентда содир этилган қотилликлар бўйича ҳам маълумот берсангиз. Одам ҳаёти билан боғлиқ бу жиноятлар сони қанчани ташкил этди?

— 2021 йил давомида Тошкент шаҳрида 62та қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилган. Ушбу жиноятларнинг аксарият қисми оила-турмуш доирасида, танишлар ўртасида рўй берган.

Жиноят кодексининг 97-моддасига кўра, қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган шахсга нисбатан суд томонидан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Жиноятчиларнинг ёши ҳам ўрганиладими? Қайси ёш тоифасидагилар кўпроқ жиноят содир этмоқда?

— Жиноятчининг шахси ўрганилганда, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларга алоҳида урғу берилади, лекин ўрта ёш ва катта ёшлилар тоифасига бўлиб таҳлил қилинмайди.

Ўзингизга маълум, ёшлар деганда 30 ёшгача бўлган фуқаролар тушунилади. Жорий даврда ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 1 минг 473тани ташкил қилади.

Ҳозирда пойтахтда жиноятчиликни камайтириш ёки олдини олиш борасида қандай чоралар кўриляпти?

— Тошкент шаҳридаги «жиноятчиликни жиловлаш» мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «жиноятлар ўчоғи» ўрганилиб, сабаблари таҳлил қилинади, айнан шу ҳудудда жиноят содир этилишига шароит бўлаётган омилларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Масалан, шу ҳудудда патрул-пост хизмати фаолияти кучайтирилади, жиноят қоронғи, яхши ёритилмаган ҳудудда содир этилаётган бўлса, шу ҳудудни тунги ёритиш чироқлари билан таъминлаш чоралари кўрилади, кузатув камералари ўрнатилиб, уларнинг созлиги текширилади.

Шунингдек, бино, иншоотларда, муассаса ва хонадонларда содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида уларни қўриқлов пультига топшириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ходимлар томонидан аҳоли орасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш мақсадида таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда, маҳаллаларда учрашувлар ўтказилиб, жиноят турлари, содир этиш усуллари ва жиноят қурбони бўлмаслик йўллари тушунтирилмоқда. Бу каби тарғибот ишлари хонадонма-хонадон юрган профилактика инспекторлари, жамоат жойида хизмат олиб бораётган ЙПХ, ППХ инспекторлари томонидан ҳам мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда энг катта куч оммавий ахборот воситаларидир. Жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришда ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Сизлар билан ҳамкорлик қилаётганимиздан хурсандмиз, барча ОАВ вакилларига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи номидан миннатдорлик билдирамиз.

Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.

Исломбек Умаралиев
Муаллиф Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид