Ўзбекистон | 14:46 / 20.12.2021
9463
2 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов: Талабга жавоб бера олмайдиган ҳоким ва ўринбосарлари ҳамда бошқа масъул раҳбарлар билан хайрлашишга мажбур бўламиз

Сурхондарёда фаолияти паст баҳоланган ва талабга жавоб бермайдиган раҳбарлар билан 2022 йилда хайрлашилади ва уларнинг ўрнини шижоатли ёшлар эгаллайди. Бу ҳақда вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят аҳолисига мурожаат қилган Тўра Боболов айтиб ўтди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

2021 йилнинг 9 ойлик якунларида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳоким ва унинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинганида Сурхондарё вилоятидаги бир қатор ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари паст натижа кўрсатган.

Жумладан, Қумқўрғон, Бойсун, Музработ, Жарқўрғон туманлари ҳокимлари 75 фоиздан паст балл тўплаган. Ангор, Бандихон, Узун, Олтинсой, Бойсун, Музработ ва Денов тумани ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Шеробод ва Жарқўрғон туманларида ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари фаолияти паст баҳоланган.

Бундан ташқари, Жарқўрғон тумани ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари, Шўрчи, Узун, Бойсун, Сариосиё, Бандихон ва Қизириқ туманларида ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари фаолияти ҳам талабга жавоб бермаган.

Шунингдек, рейтингда туман ҳокимлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосарларининг кўрсаткичлари таҳлил қилинганда Музработ тумани ҳокимининг ўринбосари 14-ўринни, Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари энг охирги ўринни эгаллаган.

«Янги йилдан энди биз бугунги талабга жавоб бера олмайдиган ҳоким ва ўринбосарлари ҳамда бошқа масъул раҳбарлар билан хайрлашишга мажбур бўламиз. Агар ишониб топширилган вазифасини сиз уддалай олмаётган бўлсангиз, ўрнингизни билимли, шижоатли, кўзи ёниб турган ёшлар эгаллайди», – деди Тўра Боболов.

Мавзуга оид