13:46 / 22.12.2021
15669

Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди

Бугун, 22 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, дастлаб давлат раҳбари катта салоҳиятга эга “Ёшлик I” конида ва мисни бойитиш фабрикасида бўлди.

“Ёшлик I” кони геология соҳасида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда энг истиқболли лойиҳалардан бири ҳисобланади. Дастлаб мис кони мақомида бўлган кон текширувлар натижасида олтин-мис кони дея номланган. 

Сенатор, НКМК раҳбари Қувондиқ Санақуловнинг маълум қилишича, олтин нархининг юқорилиги, кондаги энг сердаромад қазилма шу элемент бўлганлиги учун ҳам халқаро стандартларга мувофиқ кон мақоми ўзгарган.

Мазкур коннинг I босқичи 2021-2025 йилларда ишга туширилиб, унда 290 минг тонна мис катоди, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш қазиб олиш мўлжалланган.

II босқичи эса 2024-2028 йилларда ишга туширилиб, 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш металлари ишлаб чиқаришга эришилиши режалаштирилган.

Top