Бундан ўн йил муқаддам, «араб баҳори» тўлқинида ливияликлар Ўрта Ер денгизи бўйидаги ушбу мамлакатни 40 йилдан ортиқ вақт давомида бошқариб келган Муаммар Қаззофийни ағдаришган ва ўлдиришганди. НАТО давлатлари қўлловидаги инқилоб хорижлик ёлланма жангчилар иштирокидаги фуқаролик урушига айланиб кетди. Энди эса 10 йил ўтиб Ливия мустақиллик учун имтиҳон топширишга ҳаракат қилмоқда - мамлакат тарихидаги илк президентлик сайловларини ўтказишга.

Ливияликларнинг бутун бир авлоди фуқаролик уруши хаоси ичида улғайди. Бу яна қанча давом этишини ҳеч ким билмайди / AFP

Ливия бу имтиҳондан ўта олмаслиги эҳтимоли юқори.

«Ливияда ҳатто қорбобога ишонишлари мумкин, аммо 24 декабрь кунги сайловларга ишонишлари даргумон», дея огоҳлантирганди бир ой муқаддам Қаззофий ҳақидаги китоб муаллифи, франциялик Венсан Ужё.

Сайловлар мамлакатнинг қора кунлари тарихи саҳифаси ёпилиши, иқтисодиёт тикланиши ва барқарорлик қайтишига умид берган. БМТ белгилаган муддат - 24 декабрь арафасида - бундай бўлмаслиги ойдинлашиб қолди.

«Халқаро ҳамжамият Ливияни расмана давлатдек кўришини кўрсатмоқчи бўлади, аммо бу - иллюзия», дейди Жонс Ҳопкинс университети илмий ходими Ҳафед ал-Гуэлл.

Қаззофий 42 йил мобайнида Буюк Социалистик Халқ Ливия Араб Жамахариясини яккаҳукмдор сифатида бошқарган / Getty Images

10 йил ичида Ливия ўзаро ички низолардан халос бўлолмади. Мамлакат - аниқроғи Ўрта Ер денгизи соҳилида яшовчилар иккига ажралган. Бенгази ва Миср билан чегарадаги шарқий ҳудудлар - генерал Халифа Ҳафтар ҳокимияти остида. Пойтахт Триполи ва Тунис ҳамда Жазоир билан чегара томондаги ғарбий ҳудудларни турли кучлар, жумладан БМТ томонидан тан олинган миллий бирлик ҳукумати назорат қилади.

Қаззофийнинг ҳаёти ва ўлими. 10 йил аввал уни нега ағдаришганди?

Бу кучларнинг барчаси хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади - очиқчасига ёки махфий равишда.