18:02 / 24.12.2021
10289

Исроил ҳарбийларига буюм улоқтириб қочаётган фаластинликларни отиб ўлдиришга рухсат тегди

Исроил қуролли кучлари (ЦАҲАЛ) ўз ҳарбийлари томонга буюм улоқтириб, қочишга тушган фаластинликларга қарата ўқ узишга рухсат берди.

Фото: Nasser Ishtayeh/Flash90

ЦАҲАЛ тош ва «Молотов коктейллари» улоқтирадиган фаластинликларга қарши ўқотар қуролдан фойдаланиш қоидаларини белгилаб берувчи йўриқномаларга ўзгартиришлар киритган. Энди уларга нарса улоқтириб, қочишга тушган фаластинликларни ўққа тутишга рухсат берилди, деб ёзади Israelinfo.

Шу пайтгача йўриқномага кўра қўлида тош ёки «Молотов коктейли» билан ҳужум қилишга тайёрланаётган фаластинликлар томон ўт очишга рухсат берилган эди. Қочиб кетаётганларнинг ортидан ўқ узиш тақиқланган ва бу ҳол «ватанпарвар жамоатчилик»нинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлиб келаётган эди. Янги йўриқнома қочиб кетаётган инсонни ўлдиришга фақат бир ҳолатда рухсат беради — агар ўқ узиш «жанг майдонида», яъни буюм улоқтирилганидан сўнг дарҳол амалга оширилса.

Армия йўриқномаларидаги янги «енгилликлар» ҳақида «Кан» нашри мухбири Рои Шарон биринчи бўлиб хабар берган. Журналистнинг маълум қилишича, сўнгги ҳафталар ичида ЦАҲАЛ янги йўриқномани барча аскарларга етказган.

Тел-Авив университетининг ҳуқуқ фанлари профессори Элиав Либлихнинг айтишича, янги қоидалар халқаро қуролли можаролар тўғрисидаги қонунларга зид. Чунки Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида фаол қуролли тўқнашувлар йўқ. Шунингдек, қоидалар инсон ҳақлари тўрисидаги қонунларга ҳам зид, чунки ўзини ўзи ҳимоя қилиш талабларига тўғри келмайди.

Исроилнинг 13-телеканали ҳарбий шарҳловчиси Алон Бен-Давид сиёсий мунозара чоғида, шу йилнинг май ойидан буён, «Деворларни қўриқлаш» операциясидан сўнг ЦАҲАЛ томонидан 75 нафар фаластинлик ўлдирилганини эслатиб ўтган. «Бироқ биз бу ҳақида ҳикоя қилмаймиз, чунки бу яҳудий оммаси учун қизиқ эмас», — деган журналист.

Top