Ўзбекистон | 20:03 / 25.12.2021
30753
2 дақиқада ўқилади

Талабалар учун қишки таътил бошлангани эълон қилинди

ОТМ, коллеж, лицей ва техникумларда қишки таътил бошланиши 28 декабрдан 25 декабрга сурилди. Вазирлик изоҳига кўра, бу – темирйўл ва авиачипталарга 50 фоизлик чегирмалар 25 декабрдан бошлаб амал қилиши билан боғлиқ.

Фото: Kun.uz

Олий ва ўрта махсус таълим тизимида қишки таътилнинг бошланиш санаси ўзгарди.

Вазирлик ахборотига кўра, талабаларнинг доимий яшаш жойларига бориш ва қайтиши учун ички темирйўл ва авиақатновларга чипталарни махсус 50 фоизли чегирма билан харид қилиш имтиёзи 25 декабрдан эътиборан қўлланиши белгиланган.

Шу муносабат билан, вазирнинг 25 декабрдаги 537-сонли буйруғига асосан, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари учун қишки таътил муддатининг бошланиши ҳам 25 декабрга кўчирилган.

Эслатиб ўтамиз, уч кун олдин вазирлик таътил муддати 28 декабрдан бошланиб, 10 январгача давом этишини маълум қилганди.

Вазирликнинг янги эълонида таътилнинг тугаш муддати ҳақида маълумот берилмаган. Республика олий таълим кенгаши аъзоси Хушнудбек Худойбердиевнинг аниқлик киритишича, таътил эртароқ бошлангани билан унинг тугаш санаси ўзгармаган.

“Дарс жараёнлари 2022 йилнинг 11 январидан бошланади. Демак, бошқача айтганда, қишки таътил муддати узайтириб берилди”, – дея ёзди Хушнудбек Худойбердиев.

Аввалроқ ОТМларда контракт тўлаш муддати 31 декабргача узайтирилганди.

Мавзуга оид