Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чилонзорда “парковка”да турган 4 машина ёниб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ буни рад этди
Маълум бўлишича, ёнғин кўп қаватли уй ёнидаги автотураргоҳ омборида келиб чиққан.
Телеграмда Чилонзор-8 мавзесида жойлашган Малика меҳмонхонаси олдидаги автомобиллар тўхташ ойида турган 4 машина ёниб кетгани ҳақида видео тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, автотураргоҳ омборида келиб чиққан ёнғин натижасида автомобилларга зиён етмаган.
“Интернетда тарқалган хабарларда ёнғин оқибатида 4 та машина ёниб кетгани айтилган, аммо бу маълумот асоссиз. 2021 йил 26 декабр куни соат тахминан 8:00 ларда Чилонзор туманининг 8-даҳасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг қаршисидаги автотураргоҳ омборида ёнғин юз берган.
Ёнғин оқибатида ҳеч қандай транспорт воситаси зарар кўрмаган. Шу билан бирга, ушбу офат туфайли тан жароҳати олганлар кузатилмаган. Воқеа жойига масъул хизматлар қисқа фурсатда етиб борган. Ёнғин тўлиқ бартараф этилган”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойберганов.
Аввалроқ Самарқандда “Лада”, Қаршида “Газел”, Tashkent City яқинида эса Orlando русумли автомобил ёниб кетгани, Марғилонда Cobalt билан тўқнашиб алангаланган Damas ичида ҳайдовчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.