Қизил майдонга қўнган самолёт: немис йигитчасининг жасоратими ёки КГБ лойиҳаси?
1987 йил 28 май. Москвадаги Қизил майдон узра самолёт айлана бошлайди. Сўнг сал нарироқдаги кўприкка қўнади ва секин ҳаракатланиб, Қизил майдонга кириб келади. Учувчи самолётдан тушиб, одамларга дастхат бера бошлайди. Бироздан кейин уни қамоққа олишади.
Совет иттифоқи чегаралари ўз даврида энг мустаҳкам қўрғон ҳисобланган. Уни бузиб ўтишга уринганлар дарҳол йўқ қилинарди. Аммо 1987 йилда Германия Федератив Республикасининг Ҳамбург шаҳрида яшовчи 19 ёшли Матиас Руст кичик самолёт билан СССР чегарасини бузиб ўтиб, Москвагача учиб келишга ва совет империясининг юраги — Қизил майдонга қўнишга муваффақ бўлади.
Ўшанда бу воқеа барчани ажаблантирганди. Шу ҳодиса туфайли Горбачёв мудофаа вазири ва бошқа қўмондонларни ишдан бўшатади. Кейинчалик совет ҳарбийларининг бир қисми бу ишни Ғарб махсус хизматлари уюштирган, деган бўлса, яна бир қисми КГБ лойиҳаси деб тахмин қилади. Матиаснинг ўзи эса бу иддаоларнинг барчасини рад этиб, Ғарб мамлакатлари ва СССР ўртасида дўстлик кўприги ўрнатмоқчи бўлганини айтган.
Матиас Руст
Матиас Руст 1968 йилда ГФРнинг Ҳамбург шаҳрида туғилган. Унинг отаси дунёга машҳур машинасозлик ва электроника буюмлари ишлаб чиқарувчи AEG компаниясида муҳандис бўлиб ишларди. У ўғлини илк бор аэродромга олиб борганида Матиас 5 ёшда бўлган.
Орадан кўп ўтмай, Матиас Ҳамбургдаги аэроклубга аъзо бўлади ва учувчилик сирларини ўргана бошлайди. У 18 ёшга кирганида аэроклубдан кичик самолётларни бошқариш учун лицензия олади.
Парвоз
1987 йил 13 май куни Матиас Руст ГФР шимолидаги Итерзен шаҳарчасидан ўзи аъзо бўлган аэроклубдан ижарага олинган Cessna кичик самолётида парвоз қилади. У Шимолий денгиз устидан учиб ўтиб, Исландиянинг Ҳёвди шаҳарчасигача боради.
Бир ҳафта Исландияда бўлган Матиас 22 май куни Норвегияга, сўнг 25 май куни Ҳелсинки шаҳрига учади. Шу тариқа, у 2 600 мил масофани учиб ўтади.
28 май куни эрталаб у Ҳелсинкида Cessna’га ёнилғи қуяди. Аэропорт диспетчеридан Стокҳолм шаҳрига учишга рухсат олади ва ҳавога кўтарилади, аммо Швеция пойтахтига бормайди.
Ҳавога кўтарилгач, Матиас 20 дақиқадан сўнг барча алоқа воситаларини ўчириб қўяди. Сўнг йўналишини кескин ўзгартириб, Ҳелсинки ва Москвани боғлайдиган ҳаво йўлига ўтиб олади.
Москвага учиш
Орадан бироз ўтиб, Руст ўтирган самолёт Финландия жанубида радиолокация экранларидан ғойиб бўлади. Фин диспетчерлари дарҳол қидирув-қутқарув операциясини бошлайди.
Қутқарувчилар Фин кўрфази яқинида ёнилғи қолдиқларини топишади ва Матиас ўтирган самолёт шу ерга қулаган, деб тахмин қилишади. Бу пайтда эса Матиас радарларга кўринмайдиган даражада пастлаб СССР чегарасига яқинлашиб қолганди. Кейинчалик, Финландия ҳукумати Матиасдан уни қидириш пайтида қилинган харажатни ҳисоблаб, юз минг доллардан ошиқроқ маблағни ундириб олади.
Матиас Совет иттифоқи чегарасини Эстониянинг Кохтла-Ярве шаҳри яқинида бузиб ўтади ва Москвага йўл олади. У асосан кўлларни мўлжал олиб, темир йўл линиялари бўйлаб учади.
Совет радарлари аввалига Cessna’ни пайқамайди. Кейин эса уни Як-12 спорт самолёти, деб ўйлашади. Москвага яқинлашгунча Матиаснинг самолётини кузатиш учун ҳарбий самолётлар бир неча бор ҳавога кўтарилади. Аммо ҳали аниқ бўлмаган нишонни уриб тушириб хатога йўл қўймаслик учун уни йўқ қилишга буйруқ берилмайди.
Қолаверса, анча пастда секин ҳаракатланган Cessna’ни қирувчи самолётлар билан кузатиб бориш имконсиз эди. Матиаснинг самолётини йўқ қилиш буйруғини олмаган қирувчи самолётлар унинг тепасидан 1-2 марта айланиб учишади ва базага қайтишади.
Ўша воқеадан кейин СССР Мудофаа вазири этиб тайинланган Дмитрий Язов Матиаснинг самолёти Москвага боргунча кузатиб борилгани ва парвозни тўхтатишмаганини маълум қилган. Бунга сабаб қилиб у 1983 йилда Узоқ Шарқда Жанубий Корея самолёти уриб туширилиши оқибатида 269 нафар йўловчи ҳалок бўлганидан сўнг ҳарбийларга йўловчи ташувчи турли самолётларни уриб туширмаслик буйруғи берилганини айтган.
Бундан ташқари, СССР ҳам имзолаган Чикаго конвенциясида енгил двигателли кичик спорт самолётлари ҳаво ҳудудини бузиб кирганда уларни фақат мажбуран қўндириш назарда тутилганди. Бу эса анча мураккаб иш бўлган.
Матиас Москва яқинига етиб келганда ҳарбийлар Cessna парвоз режимини бузган ҳолда учиб юрганини билиб қолишади. Аммо Москва осмонида спорт самолётлари тез-тез парвоз қилиб тургани учун улар ҳам Cessna’ни совет енгил самолёти деб ўйлашади.
Cessna Қизил майдонда
Соат 18:30да Матиас Москва шаҳри тепасида уча бошлайди ва Қизил майдонга, Кремл олдига қўнмоқчи бўлади. Аммо бунинг иложи бўлмайди. У Қизил майдон тепасини бир неча марта айлангач, яқин орадаги кўприк устига қўнади ва оҳиста ҳаракатланиб, Авлиё Василий собори рўпарасигача келади. Сўнг самолётдан тушиб, одамларга дастхат бера бошлайди. Орадан бир соат ўтиб, у ҳибсга олинади.
Тергов давомида КГБ ходимлари аввалига Матиас Рустда руҳий муаммолар бор, деган хулосага келишади. Уни текширувдан ўтказиш учун ГФР ҳукуматига топшириш таклиф этилади. Сўнг бу таклиф бекор қилинади ва тергов давом эттирилади.
Матиас ҳибсга олинганидан уч ой ўтиб 1987 йил 2 сентябрда суд жараёни бошланади. У безориликда, авиация қонунчилигини бузишда ва совет чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланади.
Матиас судда ўзининг парвози тинчликка чақириқ эканини, бу иши билан у Ғарб давлатлари ва СССР ўртасида тинчлик кўприги ўрнатмоқчи бўлганини таъкидлайди. 4 сентябрь куни суд ҳукми билан Матиас тўрт йилга озодликдан маҳрум этилади.
1988 йил 3 августда эълон қилинган амнистияга кўра 432 кун қамоқда ўтирган Матиас озод қилинади ва ГФРга қайтиб кетади.
Cessna’нинг парвози ҳақида шубҳалар
Матиаснинг СССРга парвози ва Қизил майдонга қўниши ўша пайтда Ғарб ОАВ томонидан у яхши кўрган қизини қойил қолдириш учун қилган, деб таърифланади. Аммо совет ҳарбийлари бошқача фикрда эди. Уларнинг бир қисми, жумладан, 1991–1997 йилларда Россия ҳарбий-ҳаво кучлари бош қўмондони бўлган П.Дейнекин Матиаснинг парвозини Ғарб махсус хизматлари уюштирганини айтган.
Ҳарбийларнинг яна бир гуруҳи эса Матиаснинг парвозини КГБ мамлакат армиясида кадрлар алмашувини амалга ошириш учун уюштирган, деб билади. КГБ собиқ полковниги И.Морозов, СССР ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бош қўмондони Р.Акчурин, унинг ўринбосари О.Звягинцев, генерал-полковник Л.Ивашов шулар жумласидан.
СССР мудофаа вазирлигида ишлаган генерал С.Мелников ўз интервьюларида Матиаснинг парвози ўша пайтда КГБ раҳбари бўлган Владимир Крючковнинг режаси бўлгани ва у Cessna’нинг Москвага қўнишигача бўлган жараённи шахсан назорат қилганини маълум қилган.
Матиаснинг Москвага парвозини КГБ уюштирган, дейдиганлар Cessna’нинг ёнилғи баки сиғими кичик бўлгани ва у тўхтамасдан Хелсинкидан Москвагача учиб бора олмаслигини важ қилиб келтиришган. Улар Матиас Москвага етгунча йўлда камида икки жойда қўниб, ёнилғи қуйгани ва бу ишларнинг ҳаммаси КГБ томонидан уюштирилганини айтишган.
2007 йилда — Москвага қилган парвозига 20 йил тўлганда Матиас Руст бу ишга на Ғарб ва на СССР махсус хизматлари алоқадорлигини айтган. У ўшанда Ғарб давлатлари ва Совет иттифоқи ўртасида «дўстлик кўприги» ўрнатиш учун парвоз қилганини такрорлаган.
«Ўша пайтда ёшим 19 да эди ва ҳамма ишни қилиш мумкин, деб ҳисоблаганман. Ҳеч нарсани ўйламасдан парвоз қилганман. Агар ҳозир ўша ишни такрорла, дейишса, мен бунга журъат қила олмайман. Москвага парвозим ўшанда ўйламасдан қилинган иш эди», деганди Матиас.
СССР Мудофаа вазирлигида ўтказилган «тозалашлар»
Матиаснинг парвозини КГБ уюштирган, деганлар ҳам бежиз гапиришмаган. М.Горбачёв Матиас воқеасидан сўнг Мудофаа вазирлиги ва унинг таркибий қисмларида кадрлар алмашинувини амалга оширади. 1987 йил 30 май куни СССР Мудофаа вазири Сергей Соколов ва Ҳаво мудофааси қўмондони Александр Колдунов ўз лавозимларидан озод қилинади, Дмитрий Язов янги Мудофаа вазири этиб тайинланади.
Ўша йили 10 июнгача СССРда 34 нафар юқори лавозимли зобитлар ва генераллар жавобгарликка тортилади.
Матиаснинг парвози келтириб чиқарган оқибатлар ҳақида фикр билдирган АҚШнинг миллий хавфсизлик бўйича мутахассиси Уилям Одом 1987 йилда СССР Мудофаа вазирлигида ўтказилган кадрлар алмаштирувини 1937 йилда Сталин совет қуролли кучларида ўтказган тозалаш билан тенглаштирган. Ҳар иккаласида ҳам мудофаа вазирлигининг деярли бутун раҳбарияти, шу жумладан, ҳарбий округлар командирларигача алмаштирилган.
Матиас Рустнинг кейинги ҳаёти
Матиас ГФРга қайтгач, ундан учувчилик лицензиясини қайтариб олишади. Кейинроқ шифохонада ишлаб юрганида ҳамширага пичоқ билан таҳдид қилгани учун у яна 4 йилга қамалади.
1994 йилда Матиас Горбачёв билан учрашмоқчи бўлиб Россияга келади. Уч ҳафта уриниб, собиқ СССР раҳбари билан кўриша олмайди. Шундан сўнг Тринидад ва Тобагога кўчиб кетади. У бир муддат Ҳиндистонда яшайди ва чой магнати бўлган ҳинднинг қизига уйланиб, Германияга қайтади.
2012 йилда Матиаснинг Москвага қилган парвозига 25 йил тўлганда ҳодиса тафсилотлари ҳақида ёзган мемуар асари чоп этилади.
Матиас минган самолётга 2008 йилгача япониялик миллионер эгалик қилади. Cessna унга қандай бориб қолгани тафсилотлари аниқ эмас. 2008 йилда самолётни Берлиндаги Немис техника музейи сотиб олади. Бугунги кунда машҳур самолёт ўша ерда сақланмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
13:13 / 28.09.2024
“Мистер ва миссис Огородникофф”: АҚШда ишлаган КГБ жосуслари қандай фош қилинганди?
11:04 / 28.09.2024
ГФРда уч эркак РФга қимматбаҳо автомобиллар экспорти учун судланди
18:47 / 22.09.2024
АҚШдан ўғирланган ва ҳануз ишлаб чиқарилаётган «Буханка»
12:10 / 21.09.2024