Спорт | 19:39 / 29.12.2021
27354
2 дақиқада ўқилади

Президент Нодирбек Абдусатторовни тақдирлади

Президент қарори билан Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» мукофоти ва Тошкентдан 2 хонали уй совға қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев шахматчи Нодирбек Абдусатторовни «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда. 

Бундан ташқари, президент фармони билан шахматчига Тошкент шаҳрида 2 хонали хонадон совға қилиниши айтилган.

17 ёшли гроссмейстер 28 декабрь куни Польшанинг Варшава шаҳрида шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди.

Ўзбекистонлик шахматчи учун 10-тур ҳал қилувчи бўлди. У бу тургача пешқадамлик қилиб келган, 5 карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди. Шундан кейин кетма-кет 3 турда дуранг натижа қайд этди: россиялик Владимир Федосеев, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ва польшалик Ян Кшиштоф билан баҳсларда 1,5 очко жамғарди.

13 тур якунларига кўра Нодирбек ва уч нафар шахматчи - Ян Непомняший, Магнус Карлсен ва Фабиано Каруана 9,5 очкодан тўплади. Шундан сўнг ғолиб номи тайбрейкда аниқланадиган бўлди.

Тайбрейкда унга россиялик Ян Непомняший рақиблик қилди. Абдусатторов дастлабки раундни қора доналарда ўтказди ҳамда унда дуранг қайд этилди. Кейинги партияда ўзбекистонлик шахматчи рақибни мот қилди.

Шу тариқа, у рапид йўналишида жаҳоннинг энг ёш чемпионига айланди.

  • 2004 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Нодирбек Абдусатторов 2012 йилда 8 ёшгача бўлганлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган. 2014 йилда Агзамов мемориалида икки гроссмейстер - Андрей Жигалко ва Рустам Хуснутдиновни енгган. 2015 йил апрелида 11 ёшида дунёнинг 100 та топ юниорлари рўйхатига кириш бўйича рекорд ўрнатган. 2017 йилда, 13 ёшида гроссмейстерлик унвонини олган.
  • У 2018 йилда Ўзбекистон жамоаси сафида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида биринчи ўринни қўлга киритган ва Президент совғаси — Spark автомобилини қабул қилганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид