Доимгидек, тўрт фасл ичи водий кезиб, воқеа-ҳодисаларни бериб боришга, мурожаатлар ортидан аҳоли муаммоларини ёритиб, масъулларга етказишга, оғир ҳолдаги беморларга хайрия акциялари орқали кўмаклашишга уриндик. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш давомида жойлардаги муаммоларни Kun.uz минбари орқали мутасаддиларга етказиш асосий мақсадимиз бўлди. Шукрки, мақолаларимиз кенг оммага тақдим қилингач, уларнинг аксар қисми ижобий ечим топди.

Йил бошида Шаҳрихонсой устига қурилган 55 йиллик алвастикўприк ўрнига янги кўприк сўраб мурожаат қилган Файзиобод маҳалласи оқсоқоллари билан учрашган эдик. Мазкур муаммога шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратиб, қийналаётган аҳоли учун кўприк қуриб берилди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Аҳоли шу кўприкдан яйраб ўтяпти. Файзиобод аҳолиси хурсанд, қўли дуода. Муҳтарам президентимизнинг назари тушиб, миллиард-миллиард сўм пулга катта замонавий кўприк қурдириб берди. Енгил машина ҳам, юк машинаси ҳам бемалол ўтади”, – дейди маҳалла оқсоқоли Абдуманноб ота Исмонов.

“Жамоат транспортига муҳтож Андижон. Талабаларни қийнаётган муаммога ечим борми?” сарлавҳали мақоламизда Андижон шаҳридаги ОТМлар талабаларининг ўқишга қатнаши учун шаҳар ичидаги йўлкира нархи қимматлиги сабабларини ўрганган эдик. Талабалар “Дамас”ларда қатнаш қимматлиги сабаб, мутасаддилардан автобуслар қатновини йўлга қўйишни сўрашган эди. Ҳўш, мақоладан сўнг ўзгариш бўлдими?