Ўзбекистон | 08:30 / 04.01.2022
5584
2 дақиқада ўқилади

ФВВ авиация хизмати ташкил этилади

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги авиация хизматини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги авиация хизматини ташкил этишга оид норматив ҳужжат қабул қилинади.

Бундан ташқари, республиканинг туристик зоналарида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тизимлаштирилади.

“Чорвоқ-Чимён” йирик туристик зонасида илғор хорижий тажриба асосида, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув бўлинмалари негизида ихтисослашган кўп тармоқли бошқарма ташкил этилади.

Аҳолини фавқулодда вазиятларда хабардор қилиш тизими модернизация қилинади. Республиканинг олис ҳудудларини профессионал ва кўнгилли ёнғин-қутқарув бўлинмалари билан қамраб олиш кўрсаткичи яхшиланади. 

Қутқарув кучлари мавжуд бўлмаган, хавф манбаи юқори ҳудудлардаги йирик аҳоли пунктларида ёнғин-қутқарув бўлинмалари ташкил этилади. Мавжуд ёнғин-қутқарув бўлинмалари замонавий техника ва асбоб-анжомлар билан жиҳозланади. 

Ёнғин-техник воситаларини ишлаб чиқаришга хусусий сектор жалб этилади. Маҳаллий шароитларда ишлаб чиқариш имкониятига эга ёнғин-техник воситалар ва ишлаб чиқарувчилар рўйхати шакллантирилади. Давлат стандартлари асосида хусусий секторни жалб этган ҳолда ёнғин-техник воситаларини ишлаб чиқариш юзасидан тадқиқотлар йўлга қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид