21:27 / 05.01.2022
9677

Сеул КХДР баллистик ракета учиргани ҳақида маълум қилди

Маълумотларга кўра, КХДР ҳудудидан учирилган эҳтимолий баллистик ракета Япон денгизига тушган.

Фото: Reuters

5 январь куни Шимолий Корея катта эҳтимол билан баллистик ракета учирди, деб ёзмоқда DW Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси хабарига таяниб.

"Қуролли кучларимиз қўшимча ракета учирилиши эҳтимолига шай ҳолатда турибди ва вазият ривожланишини Қўшма Штатлар билан узвий ҳамкорликда кузатмоқда", - дейилади қўмита хабарида.

Япония ОАВнинг хабар беришича, КХДР ҳудудидан учирилган эҳтимолий баллистик ракета Япон денгизига тушган. Япония мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, у 500 километрга яқин масофани босиб ўтган.

Жанубий Корея миллий хавфсизлик кенгаши шошилинч йиғилиш ўтказди. Кенгаш аъзолари КХДРни музокаралар столига қайтишга чақирди.

Бу Шимолий Корея томонидан ўтган йил октябридан буён илк бор учирилган ракета ҳисобланади.

КХДР раҳбари Ким Чен Ин ўтган ҳафтада ҳукмрон партия йиғилишида мамлакат ўз ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этишини ваъда қилганди.

Top