Ўзбекистон | 17:22 / 11.01.2022
1463
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда фуқаронинг уйидан 60 миллион сўмни ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида фуқаронинг уйидан 60 миллион сўмни ўғирлаб кетган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Пахтачи туман Гулшан маҳалласида яшовчи фуқаро туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида 2022 йилнинг 8 январ куни соат 17:00 дан 22:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар яшаш ҳовлисида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, девор ошиб кириб, уйидан 60 миллион сўм пулларини ўғирлаб кетганлигини билдирган.

ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Пахтачи тумани Тома маҳалласида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган Э.Ғ. содир қилганлиги аниқланган. Ундан 54 миллион 500 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169 моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид