12:31 / 11.01.2022
12391

Сречко Катанецнинг собиқ ёрдамчиси «Пахтакор» бош мураббийи этиб тайинланди

«Пахтакор» клуби 2022 йилги мавсум олдидан жамоанинг янги бош мураббийини эълон қилди. 

Фото: Пахтакор ФК

Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, шимолий македониялик Славче Войнески билан бир йиллик шартномага имзо чекилган. 

«47 ёшли мураббий Славче Войнески билан клубимиз ўртасида 2022 йил охирига қадар мўлжалланган шартномага имзо чекилди. Битим томонларнинг хоҳиши билан мавсум давомида узайтирилиши мумкин», - дейилади клуб хабарида.

Славче Войнески бунгача 2019/20 йилги мавсумда Словакиянинг «Орион Серед» клуби бош мураббийи сифатида ишлаган бўлса, ундан аввал асосан Туркиянинг турли клубларида ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритган. Шунингдек, Македония ёшлар жамоасини ҳам бошқарган.

«2004-09 йилларда эса миллий жамоада ёрдамчи мураббий сифатида меҳнат қилган. Асосан Сречко Катанец ва Драго Канатларовскига ёрдам берган. Шундан кейин Туркияда «Элазигспор», «Генчлербирлиги», «Газиантепспор» ва «Ризеспор» клублари мураббийлар штабида фаолият олиб борган. 2019 йил Словакиянинг «Серед» клубида бош мураббий сифатида ишлаган. У ёшлар билан тизимни йўлга қўйиш орқали яхши ишлаган мутахассис сифатида баҳоланади», - дейилади клуб хабарида.

Аввалроқ, клуб Питер Ҳюистра билан келишув узайтирилмагани ҳақида хабар берганди. У 2017 йилдан буён «Пахтакор» мураббийлар штабида фаолият юритиб, 2020 йил якунида Шота Арвеладзе жамоани тарк этгач 2021 йилдан буён клубни бошқараётганди. 54 ёшли нидерландиялик мутахассиснинг йиллик маоши 350 минг еврони ташкил этиши эълон қилинганди.

Славче ВОЙНЕСКИ
Туғилган санаси: 1974 йил 28 апрель.
Фуқаролиги: Шимолий Македония, УЕФА «Про» лицензиясига эга.
Фаолияти: 1996-2003 «Металлург» Скопье (ёрдамчи мураббий, бош мураббий, ёшлар бўлими раҳбари)
2004-09 Шимолий Македония U-17, U-18, U-19 терма жамоалари бош мураббийи
2009-2014 Шимолий Македония миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи
2015 «Элагигспор» жамоаси ёрдамчи мураббийи
2016 «Генчлербирлиги» жамоаси ёрдамчи мураббийи
2016-17 «Газиантепспор» жамоаси ёрдамчи мураббийи
2017-18 «Ризеспор» жамоаси ёрдамчи мураббийи
2019 «Серед» жамоаси бош мураббийи.

Top