Ўзбекистон | 21:38 / 14.01.2022
24091
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга киришда экспресс-тест деярли барча учун мажбурий бўлди. Қозоғистон билан чегара қисман ёпилмоқда

15 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган аксарият фуқаролар ҳам олдиндан ПЗР-тест топшириши, ҳам кириб келгач экспресс-тестдан ўтиши талаб этилади. Аэропортларда экспресс-тест нархи 5 доллар деб белгиланди.

Тошкент халқаро аэропортидаги экспресс-тест пункти / Фото: Kun.uz

Республика махсус комиссиясининг 9 январ ва 11 январдаги қарорларига асосан, коронавируснинг “омикрон” штамми туфайли 15 мартдан бошлаб Ўзбекистонга киришда янги тартиб ўрнатилган.

Ташқи ишлар вазирлиги ахборотига кўра:

1. 15 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаролар (автомобиль ҳаракати бундан мустасно) киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирусга салбий тест натижасини тақдим этишлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига киришда коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топширишлари шарт.

2. Қирғизистон ҳудудидан чегара автомобиль ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган фуқаролар киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирус инфекцияси бўйича фақат салбий тест натижасини, бошқа чегарадош давлатлар ҳудудидан кириб келаётган фуқаролар эса коронавирус инфекцияси мавжудлигига экспресс-антиген тест топширишлари керак.

3. Шу билан бирга, 15 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан давлат чегарасини икки давлат фуқароларининг кесиб ўтиши вақтинча тўхтатилади. Қуйидаги тоифаларга мансуб шахслар бундан мустасно:

  • ҳаво йўллари орқали кирувчи барча тоифадаги фуқаролар;
  • ватанига қайтган Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари (кейинги ўринларда томонларнинг фуқаролари деб юритилади);
  • ҳукуматлараро курьерлик алоқаси ходимлари;
  • халқаро юк ташишни амалга оширувчи ҳайдовчилар;
  • расмий (ҳукумат) делегациялари таркибида бўлган шахслар;
  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзолари;
  • Қозоғистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон объектлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қозоғистон объектларга хизмат кўрсатувчи ходимлар;
  • ушбу давлатларда инвестиция лойиҳалари доирасида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон, шунингдек Қозоғистон фуқаролари;
  • Ўзбекистонда доимий яшовчи Қозоғистон фуқаролари, шунингдек, Қозоғистонда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари;
  • ўқиш мақсадида томонларнинг фуқаролари;
  • оғир касал бўлган яқин қариндошларини кўриш ёки яқин қариндошларининг дафн маросимларида қатнашиш мақсадида тиббий мақсадларда кирувчи (кетаётган) томонларнинг фуқаролари;
  • вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадларини Қозоғистон ҳудудида ва Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида ҳамроҳлик қилаётган томонлар фуқаролари.

Аэропортларда экспресс-тест нархи – 5 доллар

Uzbekistan Airports ахборотига кўра, 15 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси ва Санитария-эпидемиология хизмати Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг қўниш залларига экспресс-тест пунктлари фаолиятини йўлга қўяди. Мамлакатга ҳаво транспорти орқали кириб келган барча йўловчилар коронавирус экспресс-тестдан ўтади.

Тест нархи 5 АҚШ доллари эквивалентида белгиланган бўлиб, бу сумма Марказий банк курси бўйича сўмда ундирилади. Талабалик гувоҳномасини тақдим этган талабаларга 50 фоиз чегирма берилади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар учун тестлар бепул. 2 ёшгача бўлган болалардан тест олинмайди.

Экспресс-тест жавоби тахминан 15 дақиқада чиқиши маълум қилинди. Тест мусбат натижа кўрсатган тақдирда фуқаро мажбурий тартибда изоляцияга йўналтирилади.

Мавзуга оид