Жаҳон | 18:03 / 16.01.2022
18745
8 дақиқада ўқилади

«Қўшнинг тинч, сен тинч» ёхуд Қозоғистон воқеаларидан хулосалар

Фото: АР/ТАСС

Яқин тарихнинг далолат беришича, ҳар қандай мамлакатнинг тараққий этиши ёки инқирозли вазиятга тушиб қолиши, бир томондан, глобал ва минтақавий даражадаги ўзгаришларга, иккинчи томондан, мамлакат ичида кечаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар билан узвий боғлиқдир. Тарих сабоғи яна шундаки, мамлакатда беқарорлик авж олиши ҳамда (бозор муносабатларига хос даврий) инқироз чуқурлашуви тизимли ижтимоий-иқтисодий таназзул ҳолати энг қуйига етганда эмас, балки ундан чиқиш даврида юз беради.

Янги 2022 йилнинг илк кунларда яқин қўшни бўлган Қозоғистонда юз берган ҳалокатли жараёнлар, қардошлар бошига тушган фалокат ҳақида давлат раҳбарлари ва мутахассислардан тортиб, оддий шахсларгача ўз муносабатини, айрим ҳолларда ғаразли мақсадларни кўзлаган ҳолда, баҳо беришга интилишмоқда. Бу «тахминлар» асосли ёки асоссиз эканлигини аниқлаш учун юзага келган қалтис вазиятнинг асл сабаблари ва баҳоналарига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Янги аср бошида жаҳон миқёсида юз берган иқтисодий ва молиявий инқирозлар, пандемияга қўшилган ҳолда барча давлатларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига салбий таъсир қилди. Жумладан, бу ҳолат Марказий Осиё давлатлари орасида жаҳон иқтисодиётига энг кўп интеграциялашган ҳамда халқ хўжалиги хомашёга ихтисослашиб қолган Қозоғистонни ҳам четлаб ўтмади.

2020 йилга келиб жаҳон миқёсида кутилаётган навбатдаги иқтисодий инқироз пандемияга қўшилган ҳолда барча давлатлардаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятни мураккаблаштирди. Пандемия сабабли жорий қилинган ҳаракатланиш чекловлари истеъмол талаби ва инвестициялар ҳажми қисқаришига олиб келди. Жумладан, Қозоғистонда инфляция ўсиши (2021 йил ноябрь ҳолатига йиллик инфляция кўрсаткичи деярли 9 фоиз, 2020 йилда — 6 фоиз) озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиши ва миллий валюта тенге қадрсизланишига сабаб бўлди.

Иқтисоддаги хасталиклар ижтимоий соҳага салбий таъсир кўрсатиши натижасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари ҳаёт даражаси тушиб кетди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, пандемия чекловлари бандлик ва даромадлар даражасига салбий таъсир кўрсатиши оқибатида 2020 йилда мамлакатда қашшоқлик даражаси 14 фоизгача ошди.

Шу ўринда, Қозоғистонда ижтимоий-иқтисодий таназзул негизида геосиёсий жараёнлар ётганини ҳам қайд этиш зарур. Яъни Украина сабабли Ғарб давлатлари ва Россия ўртасидаги зиддиятлар ҳам шимолий қўшниси билан интеграциялашув даражаси юқори бўлган Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ваниҳоят, охирги йилларда қардош мамлакатнинг сиёсий ҳаётида кузатилган ўзгаришлар – яъни қўш ҳокимиятчилик шаклланиши ижтимоий-иқтисодий танглик авж олган шароитда мамлакат барқарорлигига таҳдид солиши табиий эди. Хуллас, янги аср бошларидан йиғилиб келган объектив қийинчиликлар ва муаммолардан фойдаланган ҳолда унинг омилларининг конструктив ечимини топиш ва ҳал этиш ўрнига, мамлакатдаги айрим деструктив кучларга вазиятни издан чиқаришга баҳона керак бўлди.

Баҳона сифатида 2022 йил бошида Қозоғистонда дастлаб газ нархи ошиши хизмат қилди. Демократия, адолат, яхши ҳаёт сари бошланган норозилик намойишлари охир-оқибат мамлакат бўйлаб тўполон ва тартибсизликка айланиб кетди. Aгрессив оломон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарата ўқ узди, талончиликлар уюштирди, автомашиналар, дўконлар, банклар, аэропортлар, кўплаб тиббиёт муассасалари каби давлат биноларига шунингдек, фуқаролар мулкларига ўт қўйилди. Оддий намойишлардан бошланган тартибсизликлар, талончилик, қароқчилик шаклига ўтди. Натижада энг аввало оддий халқ жабр кўрди.

Бунга жавобан, Қозоғистон ҳукумати норозиликларнинг илк кунлариданоқ тартибсизликларни тўхтатиш ва уларга муносиб жавоб беришга ҳаракат қилмоқда. Президент Тўқаев парламент йиғилишида аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирларни белгилаб берди. Хусусан, ёнилғи нархини оширишга мораторий жорий этиш, давлат хизматчиларининг иш ҳақини ошириш, инфляцияни барқарорлаштириш, аҳоли даромадларини ошириш дастури ва камбағалликни камайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, таълим тизимини такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш каби тадбирларни амалга оширишга киришди.

Умуман олганда, Қозоғистонда кимнингдир қонли сценарийси атайлаб ўйналгани кўриниб турибди. Бир неча кун давом этган воқеалар аллақачон иқтисодиётга жиддий зарба берди. Хўжалик ҳаёти қайта изга солингунга қадар корхоналар фаолияти тўхтатилди, беқарорлик инвесторларнинг сармоя киритиш журъатига салбий таъсир қилди.

Оқибатда оддий одамлар ишсиз, озиқ-овқат манбаларидан вақтинча бўлса-да, маҳрум бўлди, жиноятчилик ҳолати янада оғирлашди. Энг ачинарлиси, ривожланиш учун қимматли вақт йўқотилди.

Шундай таҳликали вазиятда, мустақил тараққиёт йўлидан илдамлаб бораётган Қозоғистон каби Марказий Осиё давлатларини кўра олмаётган айрим «башоратчи», пропагандачи журналистлар, давлатлар раҳбарлари ва депутатлар минтақада геосиёсий жараёнларни мураккаблаштириш орқали «холис ёрдам кўмагида» ҳудудни турли иқтисодий ва ҳарбий тузилмалар ёрдамида назоратга олишга интилишмоқда.

Жумладан, кўп йиллардан бери яқин ва ишончли ҳамкоримиз ҳисобланган Беларусь президенти Александр Лукашенко шу йилнинг 10 январь куни бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Қозоғистондаги тартибсизликларга бағишланган онлайн йиғилишида сўзга чиқиб, ўз нутқида Ўзбекистонни тилга олди. «Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак. Акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган», – деб таъкидлади.

Ушбу сўзлари билан Беларусь раҳбари қандай ва кимнинг мақсадларни кўзлагани – бошқа масала, аммо Қозоғистондаги вазиятдан ҳамма бирдек хулоса чиқариши керак. Ҳар қандай мамлакат раҳбари бошқаларга «тавсиялари»ни улашмасдан, аввало ўз халқи ва давлати тақдирини ўйласа, фойдалироқ бўлади.

Тартибсизлик ва бошбошдоқликлар муаммоларни ҳал қила олмаслиги аён. Фақат оломоннинг талабига кўра ҳаёт даражасини ошириш у ёқда турсин, оддий иш ўринлари яратиб бўлмайди. Замонавий тарих «рангли инқилоб»лар фаровонликка олиб келмаслигини исботлаб турибди. Чунки иқтисодий фаровонлик мураккаб, изчил ислоҳотларга асосланади. Уларнинг амалга оширилиши тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни талаб қилади. Aфсуски, бошқа рецептлар йўқ.

Мамлакатимизда кечаётган замонавий жараёнлар, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган изчил олиб борилаётган ислоҳотлар буни тасдиқламоқда. Тўғри, Ўзбекистонда ўттиз йиллик мустақил ривожланиш йўлида аввалги тузум давридан қолган ҳамда ўтиш даври билан боғлиқ юзага келган муаммолар ва зиддиятлар ечимини топиш борасида салмоқли тажриба тўпланди. Ўзбекистонликлар ўтмишда йўл қўйилган хатоларнинг барчасини ортга қолдириб, улардан хулоса чиқарган ҳолда олдинга ҳаракатланмоқда.

Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистондаги амалдаги вазият Қозоғистондаги вазиятдан тубдан фарқ қилади. Охирги йилларда мамлакатимиздаги барқарор вазият жамоатчилик фикрига таянмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган ислоҳотлар фақатгина бугунги мавжуд муаммоларни ҳал этиш эмас, балки яқин келажакда аҳоли фаровонлигини оширишни ҳам кўзлаб ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Бу ишлар шаффофликни таъминлаш ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини эркинлаштириш орқали рўёбга чиқарилмоқда.

Шавкатжон Раҳматуллаевич Раҳматуллаев,

тарих фанлари номзоди, ЎзР ФА Тарих институти катта илмий ходими,

Ўзбекистон тарихчилар иттифоқи раиси ўринбосари.

Мавзуга оид