Ўзбекистон | 10:45 / 19.01.2022
19555
8 дақиқада ўқилади

Бу ноутбукми ё б/у ноутбук? — «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси сизларга трали-вали эмас

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида ўтказилган танлов ғолибларига берилган эски ноутбуклар мавзуси роса муҳокамаларга сабаб бўлиб турибди. Танлов ғолибларига янги ноутбуклар тақдим этилган бўлса-да, муҳокамалар тўхтагани йўқ.

Фото: habikatura

Ҳаммаси Нуробод туманида яшовчи Сардор Сатторовнинг Телеграмдаги чиқишидан сўнг бошланди. Видеомурожаатида у 41-мактабнинг 8-синфида ўқиши, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўтказилган IT-танловнинг «Full-Stack» йўналишида туман ва вилоят боcқичларида қатнашиб, 1-ўринни қўлга киритгани ҳақида сўзлаб берган.

«Биринчи даражали диплом ўрнига 3-даражали диплом ёзиб қўйибмиз, деб узр сўрашди. Уйга келиб ноутбукни очиб кўрсак, ишлатилган ноутбук экан. Орқасида, 2-мактаб А.Абдумуродова, деб ёзиб қўйилган, жуда ҳам эски, иловаларидаги телеграм каналидан бу ноутбук Жўрақулов Шерзод исмли ўқитувчига тегишли эканлигини билиб олдим», — дейди у.

«Эскисини бергунча, битта китоб билан диплом бериб қўйса бўлмасмиди. Шунчалик ҳам номардлик бўладими? Бу нима шармандачилик? Боламнинг шаштини синдирди...», — эътирозини билдиради Сардорнинг бобоси.

Афсусланарлиси, эски ноутбук фақатгина Сардорга «тушиб» қолмаган экан, танловнинг нурободлик барча ғолиблари шу тарзда «сийланган».

Ҳа энди бирорта нафси бузуқ ўқитувчи ташкилотчилар кўзини шамғалат қилиб, билса ҳазил, билмаса чин, қабилида ноутбукни алмаштириб қўйгандир-да, деган гумонга бориш мумкин эди.

Журналист Ҳусан Карвонли ўз постлари орқали бу ҳолат «шунчаки англашилмовчилик» эмаслигига ойдинлик киритади:

«Бу йигитча Нуробод туманидаги 15-мактаб ўқувчиси Оғабек Собиров. Ҳамқишлоғим «Бир миллион дастурчи» танлови туман босқичида «Андроид иловалар» йўналишида 1-ўринни олган. Иншааллоҳ, ҳали миллионта ноутбукнинг пулини ишлайди. Лекин биринчи қатнашган танловида 1-ўринни олганида эски ноутбук беришгани ҳеч эсидан чиқмаса керак!»

Демак, англашиладики, танловнинг барча ғолибларига эски ноутбуклар берилган ва бу онгли равишда қилинган.

Сардор Сатторовнинг мурожаатидан кейин дарров мутасаддилар текширувни бошлашади, айбдорлар узр сўраб чиқади, деб ўйлагандим. Афсуски, анча суст ҳаракат қилинди. Бу орада Самарқандга борган бир гуруҳ блогерлар Сардорни топишиб, унга яп-янги ноутбук совға қилишга ҳам улгуришди...

Тўғри, шу воқеалардан сўнг туман босқичида танловнинг учта йўналишида 1-ўринни олган болаларга вилоят ҳокимлиги томонидан янги ноутбуклар берилибди. Нуробод тумани ҳокими ўринбосари эса ҳайфсан билан қутулибди. Аммо иккинчи ва учинчи ўринни олган болалар-чи?

Журналист Ҳусан Карвонли яна ёзади:

«Бўлдими? Тугадими? Уч йўналишда 1-ўринни олган болаларга янги ноутбук берилди. Туман ҳокими ўринбосари ҳайфсан олди. Туман ХТБ шуъба бошлиғи ишдан бўшатилди. Бўлдими?

Йўқ! Ҳали чаласи бор экан. 2- ва 3-ўринларни олган болаларга имзо ва муҳр қўйилмаган, имловий хатолари ғиж-ғиж диплом берилган.

Энг ёмони — уларга берилган совғалар (планшет ва уяли телефонлар) қайтариб олинган!»

Ана шундайлардан бири 40-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Барчиной Бекмуродова «Front and web дастурчи» йўналишида туманда 2-ўринни олган.

Кейинчалик ойдинлашишича, Нурободда ўтказилган танловда ғолибларга фахрий ёрлиқ ва совғалар берилган. Туман ва шаҳарларда ғолиб бўлган ўқувчилар вилоят босқичида ҳам тақдирланишини ўша кун билган нурободлик мутасаддилар Самарқанд шаҳрида шошилинч диплом чиқаришган, тумандан эски ноутбуклар келтириб тақдим этишган, бошқа ғолибларга эса совғалар дўкондан бир муддат «насия»га олиниб, ҳамманинг кўз ўнгида ўқувчиларга топширилиб, қайтариб олинган.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ғозиевнинг «Ёшлар» телеканали мухбирига Сардор Сатторовнинг видеомурожаат қилиб ўз ҳақини талаб қилганини оқламаслиги ҳақида айтган гаплари ҳаммасидан ошиб тушди.

Бундай найранглар биргина Нурободда бўлмаган кўринади.

«Қарши шаҳрида ҳаттоки танлов бўлади, деб ўқувчиларни йиғиб, телевидение учун тасвирга олиб, кейин танлов ўтказилмай қайтариб юборишди, совғаларни ўзлари олишганми?» деган савол қўйилган, «Қашқадарё ҳокими ёки ўринбосарлари муаммони ўрганишга ҳаракат ҳам қилишмади» сарлавҳали постда ўтган йилнинг 18 декабрида Қарши шаҳрида ўтказилган IT-танловидаги юзакиликлар ҳақида бонг урилган.

«Бугун мактаб ўқувчиларини Информатика фанидан олимпиадаларга қатнашган, компютер соҳасига қизиққан ўқувчиларни «Ёш дастурчилар» танлови бўлади деб олиб бориб «O‘zbekiston 24» каналига жонли эфир қилиб, мақтаб кўрсатиб, кейин эса 18 ёшга тўлганлар қатнашади, дейишибди, ваҳоланки, мактаб ўқувчилари ҳали 18га киришмаган, кейин кимнинг ноутбуки бўлса, ўша қатнашади, деб алоҳида хонага олиб кириб, «бизга ҳокимият топшириқ берди, ғолибларни аниқлашимиз керак, проектларингиз бўлса қолдириб кетинглар», деб жавоб бериб юборишибди...

Танловда (тайёр) компютерлар берилмайдими ёки аввалроқ шартлар эълон қилинмайдими? Ўғлим кетган вақтига ачиниб (қайтиб) келди. Олимпиадада биринчи ўринни олган ўқувчиларни ҳатто оддий кичкина совға билан рағбатлантиришмади, ноҳақликларни ўз кўзи билан кўриб, иккинчи қатнашмайман, деб кетишди ўқувчилар. Энди эса масхарабозларча телевидение учун танлов ўтказилди деб кўрсатиб, расм тушириб, жонли эфир қилиб ёлғондан танлов ўтказилди, деб ғолибларни аниқлаб, ҳокимият совғасини беришмоқчи эмиш».

Бу воқеада энг қизиқ жойи, кўзбўямачиликни ўз кўзи билан кўриб, уни фош этиш ўрнига мутасаддиларга қўшилиб хаспўшлашга уринаётган телевидение мухбирларининг хатти-ҳаракатлари «таҳсин»га сазовор.

Муҳокамаларда айримлар айбни фақат ўқитувчиларга қўймасликни таъкидлашган.

Самарқандлик журналист Абдуғофур Шерхолов «Эски ноутбук» воқеаси халқ таълими бошқаруви тизимларининг молиявий мустақил эмаслиги билан боғлиқлигини таъкидлайди.

«Бечора ўқитувчи нима қилсин? Халқ таълими муассасалари ўқувчилари (ҳатто ўқитувчилар ўртасида ҳам) ўртасида нима кўп, танлов кўп? Бошқарма бошлиқлари, бўлим мудирлари ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш масаласида ҳокимлик, молия идораларининг «ҳиммати»га маҳтал. Танловларга республикадан ажратилган маблағлар ҳам тўғридан-тўғри ХТБ идораларига келиб тушмайди, ўртада «қароқчи»лар бор...», — деб ёзади у.

Яқинда Телеграм каналларда тарқалган видеода бир эркак тўйдан берилган эркаклар кўйлагини кўрсатиб куюкканди. Рўмолчадай келадиган кўйлак, фақат ёқаси бор, холос. Аммо жуда бежирим қоғоз қутига жойланган эди. Халқ тилида бунақа кўйлаклар «сарсон сарпо» дейилади. Ҳеч ким киймайди, лекин тўйма-тўй «юриб» кимнингдир кўнглини «олади». Бунга кўпчилик таажжубланмайди, хотинларнинг ишида, деб қўяқоламиз. Самарқанддаги янги қутига жойланган эски ноутбук ҳам худди шунга ўхшайди. Аммо...

Аммо «Бир миллиончи дастурчи» («One million uzbek coders») лойиҳаси «хотинлар иши» эмас, бу давлат аҳамиятига эга лойиҳа!

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва IT-Park томонидан «Dubai Future Foundation» билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу лойиҳага катта маблағ тикилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад жуда улкан: қисқа вақт ичида минглаб, миллионлаб ўзбек дастурчиларини етиштириш ва ёшларнинг ўзини ўзи банд қилишларини таъминлаш, қолаверса, жаҳонга юксак интеллектуал IT-мутахассисларни етказиб бериш. Бу — қора меҳнат билан эмас, ақл билан пул топиш дегани.

Шундай экан, ҳурматли мутасаддилар, изланаётган, ғояларини ҳаётга татбиқ қилаётган фарзандларимиз шаштини синдирмайлик. Ноутбукка молиявий аҳволингиз танглик қилса, ростини айтинг, отахон айтганидек, битта китоб ҳам берақолинг. Болалар беғубор, сизни тўғри тушунишади. Лекин... қинғирликни ҳам эсдан чиқаришмайди!

Усмонжон Йўлдошев, журналист

Мавзуга оид