Ўзбекистон | 10:16 / 20.01.2022
11327
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбекистонлик талабалар орасида энг оммабоп мутахассисликлар маълум қилинди

Россияда олий маълумот олаётган чет эллик талабаларнинг умумий сони сўнгги уч йилда 26 мингдан ортиқ кишига кўпайди. 2019 йилда Россияда 298 минг, 2020 йилда 315 минг, 2021 йилда 324 минг чет эллик талаба таҳсил олди.

Фото: Sputnik

Олий таълим олиш учун Россияга асосан Қозоғистон (61 минг талаба), Ўзбекистон (48,7 минг талаба), Хитой (32,6 минг талаба), Туркманистон (30,6 минг талаба), Тожикистон (23,1 минг талаба), Ҳиндистон (16,7 минг талаба), Миср (12,4 минг талаба), Беларус (10,2 минг талаба), Украина (9,1 минг талаба) ва Қирғизистон (8,6 минг талаба) каби давлатлардан талабалар келади.

Чет эллик талабалар орасида энг оммабоп йўналиш - бу тиббиёт. Юқоридаги барча мамлакатлардан келган абитуриентлар тиббиёт факультетларига киришга ҳаракат қилади. Тиббиёт мутахассисликларидан ташқари иқтисод ва менежмент каби йўналишлар қозоқ ва ўзбек талабалари орасида талабга эга.

Қозон федерал университетининг ўқув фаолияти бўйича проректори Тимурхон Алишевнинг таъкидлашича, 2021/2022 ўқув йилида Қозон федерал университетида барча дастурлар ва шакллар бўйича дунёнинг 101 давлатидан 10,8 минг нафар чет эл фуқаролари таҳсил олмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан (10 мингдан ортиқ) деярли 900 кишига кўп.

«Асосан Ўзбекистон, Хитой, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Эрон, Туркия ва Миср фуқаролари олий таълим олиш учун ҚФУни танлайди. Хорижлик талабалар орасида иқтисод, умумий тиббиёт, тилшунослик, менежмент, стоматология, дастурий инжиниринг, нефт-газ иши каби мутахассисликлар энг оммабоп», — деди Тимурхон Алишев. 

Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети проректори Алексей Никулиннинг қайд этишича, университетда асосий таълим дастурлари бўйича 1561 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда.

Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Михаил Кузнецовга кўра, ҳозирда университетда 1443 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда, улардан 495 нафари Хитойдан, 153 нафари Вьетнамдан, 129 нафари Ўзбекистондан, 118 нафари Қозоғистондан, 59 нафари Беларусдандир. Москва давлат техника университетида жами 87 давлат фуқаролари таҳсил олади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид