Ўзбекистон | 09:05
985
14 дақиқада ўқилади

АҚШга навбатдаги ташриф, электромобил қувватлаш субсидияси ва талаба формаси – ҳафта дайжести

Ўзбекистон ва АҚШ президентларининг 5 ой ичидаги 4-учрашуви: Ғазо секторида ўзбек мавзеси қурилади. Электромобил эгаларига субсидия: бойларнинг энергия сарфи яна бюджетга юкланяпти. Олий таълимда форма баҳслари: шов-шув кўтарган талаба популизмда айбланди. “200 млн долларлик” суриштирув: ОКМК тендерларидаги ғолиблар ўзаро боғлиқлиги иддао қилинди.

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига айрим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

“Дресс-код бўлса кирармишмиз, бўлмаса йўқ”

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси формада келмагани сабаб дарсга қўйилмагани – бу ҳафта тармоқларда энг кўп айланган мавзулардан бири бўлди. Магистратура 1-босқичида ўқиётган Акмалжон Йўлдошевнинг интервюси олий таълимдаги форма масаласини яна муҳокама марказига олиб чиқди.

“Галстугинг қани? Галстугинг бўлмаса, бор кетавер. Бу – ички тартиб-қоида, ҳамма нарсадан устун” дейишяпти. Дресс-код бўлса кирармишмиз, бўлмаса йўқ. Курсдошларим билан бир нимага умид қилиб, ҳалиям кетмай турибмиз”, дейди талаба.

Университетда декан лавозимида ишловчи Оиша Зокирова Facebook'ка жойлаб, кейинроқ ўчириб юборган постида оқ кўйлак ва галстукни “академик маданият, поклик, интизом ва ҳурмат рамзи” деб таърифлади. Унинг айтишича, видеода кўринган талабаларнинг ҳаммаси формасиз келгани учун эмас, кеч қолиб келгани учун киритилмаган.

“Ўзи ўқиётган университетни мана шундай оммага олиб чиқиш, оддий элементар сўралган нарса учун унинг шаънига доғ тушириш – тузини еб, тузлуғига тупириш билан баробар, шуни унутманг, ҳурматли талабалар!!!” – деди декан.

Ректор Шерзодхон Қудратхўжа ҳам ўз изоҳида талабалар кеч қолгани учун киритилмаганини айтди ва Акмалжон Йўлдошевни шуҳратпарастликда айблади:

“Кеча бир ҳолат бўлди: бир-иккита талабаларимиз популизм қилиб, ўзларини қаҳрамон ясашди. [...] Видеолари бор бу бола нечида келганининг. Бизда биринчи қўнғироқ бўлишига 1 дақиқа қолганда... Тасаввур қилинг, устоз дарс ўтяпти-да, эшик тақиллайверади, устоз ярим соат фақат эшик очиш билан овора бўлади”.

Олий таълим вазирлиги эса форма масаласида доимги позициясини такрорлади: олийгоҳлар дресс-код жорий этишга ҳақли, талабалар эса ўзлари ўқиётган даргоҳнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши керак.

2000 сўмлик токнинг 1700 сўми бюджетдан бўладими?

Газлашмаган ҳудудлар аҳолиси учун электр энергияси тўловидан енгиллик бериш масаласи 2 йилдан бери ҳал бўлмаётган бир пайтда, нисбатан ўзига тўқ қатлам – электромобил эгалари учун катта имтиёзлар тўплами эълон қилинди. Душанба куни тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурига асосан, 1 майдан бошлаб электромобил қувватлаш станцияларида нарх қанча бўлишидан қатъи назар, ҳайдовчи 1 kWh ток учун ўз ёнидан 300 сўм тўлайди, ундан ортгани – давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Ҳозирда қувватлаш станцияларида 1 kWh учун тариф 1500–2200 сўм оралиғида эканини инобатга олсак, электромобил эгаларининг 80-86 фоизгача “ёқилғи” харажатлари солиқ тўловчиларнинг зиммасига тушади. Бу ҳолатда, қувватлаш станциялари ўзаро келишган ҳолда нарх оширишининг олдини олиш чораларига ҳам зарурат туғилади, бу эса яна бир секторда давлатнинг нарх устидан назорати пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Янги субсидия – экологик барқарорликни таъминлаш мақсади билан изоҳланаётган бўлса-да, ўтган йили 4 баробаргача оширилган утилизация йиғими сақланиб қолаётгани – айтилаётган мақсаднинг қанчалик холислиги ҳақидаги саволларни юзага келтиради. Бу ўринда, электромобил эгаларининг уйига алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш ёки тунги соатлар учун пасайтирилган тарифлар жорий этиш каби режаларнинг йиллардан бери қоғозда қолиб кетаётганини ҳам эслаб ўтишга тўғри келади.

Агар ҳақиқатан ҳам электромобил эгаларининг қувватлаш станцияларидаги харажатлари 86 фоизгача қоплаб берилса, бу – бюджет учун триллионлаб сўмлик янги юкламани англатади. 2026 йилги давлат бюджетида эса, бу харажат кўзда тутилмаган. Боз устига, охирги йилларда энергетик субсидиялар айнан бюджет юкини енгиллаштириш мақсадида камайтириб борилаётган эди. Газ-свет нархлари нега оширилди, табақалашган тарифлар нега киритилди, деган саволларга расмийлар: “Ижтимоий адолат бўлиши учун, кўп газ-свет ёқадиган бойларнинг харажатини давлат қоплаб бермаслиги керак” дея жавоб беришганди.

Давлат дастурида электромобил сотиб олиш учун 16 фоизгача ставкада автокредит ажратиш ва уни “адолатли” тақсимлаш вазифаси ҳам белгиланган. Ҳозирда автокредит ставкалари ўртача 22 фоиз эканини инобатга олсак, сезиларли даражада арзон қарзга талабгорлар ҳам кўп бўлади. Бу жараёнда адолатли тақсимот мезонлари ва коррупциянинг олдини олиш чоралари қанақа бўлишидан қатъи назар, бу – давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини оширувчи навбатдаги механизмга айланиб, бошқа қарз олувчилар учун қарз нархини қимматлаштиради.

Маълумот учун, шу ҳафта тасдиқланган бошқа бир дастурга асосан, 2026 йилда бирорта ҳам банкни хусусийлаштириш режа қилинмаяпти. 2030 йилга бориб, давлатга тегишли банклар сонини ҳозирги 9 тадан 4 тагача камайтириш кўзда тутилган.

Бюджет ҳисобидан саёҳат

Самарқандда таълим соҳасидаги таниш-билишчилик можаросидан кейин, вилоят даражасидаги амалдор ишдан олинди. Гап Самарқанд вилояти мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ҳақида кетяпти. У давлат ҳисобидан молиялаштирилган саёҳат – Санкт-Петербургдаги битирувчилар байрамига ўз ўғли ва жиянини юборган эди.

Аввал хабар қилинганидек, “Алвон елканлар” байрамига аълочи, олимпиадаларда ўрин олган ўқувчилар бориши керак бўлган, лекин якунда Петербург саёҳати таълим соҳаси масъулларининг қариндошларига насиб қилган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, непотизм жавобгарларидан камида 28 млн сўм маблағ бюджетга қайтарилган.

Бошқарма бошлиғи ишдан олинган бўлса, унинг ўринбосари ва бошқармада ишловчи яна 4 ходимга интизомий чора кўриш бўйича вазирликка таклиф киритилган. Бундан маълум бўладики, байрамга ўзи 8 та ўқувчи борган бўлса, шундан камида 7 нафари таълим соҳаси масъулларининг қариндошлари бўлган.

ОКМК ҳамкорларининг нимаси шубҳали?

Хорижий манбаларда Ўзбекистондаги давлат харидлари билан боғлиқ катта суриштирув эълон қилинди. Халқаро суриштирувчи журналистларнинг Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси (OCCRP) аниқлаган далилларга кўра, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 200 млн доллардан ортиқ қийматдаги тендерларини битта шахсга алоқадор компаниялар ютиб олган бўлиши мумкин.

Гап – ОКМК томонидан охирги 3 йилда 10 та хорижий компания билан тендерлар асосида тузилган шартномалар ҳақида кетяпти. Суриштирув хулосасига кўра, бу тендерларни ютиб олган компаниялар дунёнинг учта бурчагида: Британия, Гуржистон ва Сингапурда жойлашган бўлса ҳам, уларнинг барчаси Ўзбекистон стол тенниси федерацияси собиқ вице-президенти Григорий Хван билан боғланган бўлиши эҳтимоли бор.

Журналистларнинг аниқлашича, Британиядаги иккита компания расман “фаолият кўрсатмаётган” мақомда бўлса ҳам, ОКМКдан ўнлаб миллион долларлик шартномаларни олаверган. Суриштирув кетаётганидан хабар топишгач, иккала компаниянинг ҳам корпоратив ҳужжатларига қатор ўзгаришлар киритилган, бу ўзгаришларда Григорий Хваннинг ҳам исми кўрсатилган. Ушбу компанияларнинг бухгалтерияси билан шуғулланган фирма ўндан ортиқ шартномаларда бухгалтерия вакилига тегишли имзо ҳақиқий эмаслигини маълум қилган. Журналистлар билан суҳбатдан кейин, бухгалтерия фирмасининг собиқ ходими имзоларнинг ҳақиқий эмаслиги масаласида Британиянинг тегишли идораларига хабар берган.

ОКМКнинг Грузияда жойлашган ҳамкорларида эса вазият бундан ҳам қизиқ. Суриштирувга кўра, Раҳат Наурузбеков исмли Қозоғистон фуқароси 2018-2022 йилларда Грузиядаги бир нечта фирмаларнинг эгасига айланган, 2025 йил феврал ойида бу фирмаларни Полина Останова исмли шахсга сотган. Останова ундан жами 5 та компанияни бир куннинг ўзида, 350 долларга харид қилган. Қизиқ жойи шундаки, 350 долларга сотилган компаниялардан иккитасининг ОКМК билан аллақачон 66 млн долларлик шартномалари бўлган. Яъни, йирик мижоз билан ишлаётган ва ўша мижоздан 66 млн долларлик буюртмаларни аллақачон олиб бўлган фирмалар атиги 350 долларга сотилган.

Харидор Полина Останова Жанубий Корея фуқароси бўлиб, Ўзбекистон билан ҳам алоқаларга эга. Останованинг Instagram саҳифасини ўрганган журналистлар у Григорий Хван ва Британиядаги иккита фирманинг амалдаги бошлиғига бегона эмаслигини кўрсатувчи далилларни аниқлаган.

Сингапурдаги компанияларга келсак, у ердаги учта компания ортидан олиб борилган суриштирув журналистларни Ню-Йоркка олиб борган: кўчмас мулк ҳужжатларига кўра, 2024 йилда Colcot номли компания Манҳеттенда 4,4 млн долларлик квартира сотиб олган бўлиб, битимга Григорий Хваннинг ўғли Алексей имзо чеккан. ОКМКдан буюртмалар олган Сингапурдаги 3 та компаниянинг адвокати журналистлар билан суҳбатда боғлиқликни рад этиб, унинг вакиллигидаги компаниялар Colcot'га ҳам, Хванга ҳам ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг чоршанба кунги баёнотида айтилишича, суриштирувда тилга олинган компаниялар тендерларда энг арзон нархни таклиф қилгани учун инсон омилисиз, автоматик равишда ғолиб деб топилган. Тендер иштирокчиларида аффилланганлик ҳолатлари эса аниқланмаган, улар томонидан товарлар тўлиқ ҳажмда, шартномада белгиланган сифат кўрсаткичларида ва энг асосийси – контрактда кўрсатилган муддатда комбинат омборларига етказиб берилган, дейилади ОКМК баёнотида.

Трамп – Мирзиёевга: “Мамлакатингизда ишлар зўр кетяпти”

Президент Шавкат Мирзиёев 5 ой ичида 3-марта АҚШга бориб, шу вақт мобайнида 4-маротаба ҳамкасби Доналд Трамп билан учрашди. Америка пойтахтига бу галги ташрифнинг боиси – Трамп ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши”нинг илк саммити бўлди. Саммит бошланишида мезбон президент меҳмонларни таништираркан, Ўзбекистон етакчисини “менинг дўстим” деб атади.

“Мамлакатингизда ишлар зўр кетяпти, сиз зўр бошқаряпсиз. Муаммолар йўқ. Ҳар сафар у билан кўришганимизда, муносабатларимиз яхши кетаётган бўлади, муаммолар бўлмайди”,деди АҚШ президенти.

Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида Ғазонинг урушдан кейинги тақдири масаласида Ўзбекистоннинг позициясини баён қилиб, секторни қайта тиклашда қатнашишга тайёрлигини билдирди:

“Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозим. [...] Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёр”.

Саммитдан олдинги куни президент АҚШ савдо вазири, АҚШ Эксимбанки ва Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси раҳбарлари билан учрашди, ўзбек ва америка компаниялари ўртасида қатор тижорий келишувлар имзоланди. Энг йирик лойиҳалардан бирини Gulf компанияси илгари сурмоқда. Компания вице-президенти Крейг Крамернинг айтишича, Ўзбекистон бўйлаб камида 100 та бензин шохобчалари тармоғини яратиш учун 150 млн доллар инвестиция киритишга қарор қилинган. Лойиҳа 2 йил ичида амалга оширилади ва АЁҚШлар америкача стандартлар асосида ишлайди, уларда юқори сифатли ёқилғи сотилади.

Gulf компанияси Ўзбекистонда ёқилғи маҳсулотларининг улгуржи савдосини ҳам йўлга қўймоқчи. Компаниянинг Gulf Aviation номли авиация қаноти самолётлар учун авиаёқилғи етказиб бериш хизматини йўлга қўйиш мақсадида тахминан 50 млн доллар йўналтиради, деди Крейг Крамер.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистонда автобанлар ташкил этиш вазифаси давлат дастурига киритилди. Бу ҳақда аввалроқ давлат раҳбари парламентга мурожаатида айтиб ўтганди. Дастурга кўра, Андижондан то Қўнғиротгача, Тошкентдан то Термизгача, Самарқанддан Шаҳрисабзгача, Олотдан Сариосиёгача бўлган 4 минг километрлик магистрал йўллар келгуси 5 йил ичида реконструкция қилиниб, халқаро талабларга мос автобанларга айлантирилади. Тошкент–Самарқанд пулли йўлини қуриш декабр ойида бошланиши, хорижий ҳамкор 15 мартгача аниқланиши кўзда тутилган.

Педофилия учун умрбод қамоқ жазоси киритилиши кутилмоқда. Бу вазифа ҳам 2026 йилги давлат дастурига киритилган. 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий ва зўравонликка оид жиноятларни тергов қилишни прокуратура органлари ваколатига ўтказиш кўзда тутиляпти. Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ишларни фақат махсус тайёргарлик ўтган терговчилар ва судялар кўриб чиқиши белгиланади.

Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланишига оид жиноят иши судга оширилди. Kun.uz манбасига кўра, тергов органи 11 кишига нисбатан айблов эълон қилган. Улардан 10 нафари қамоқда, бир киши эса уй қамоғига олинган. Ўтган йили 24-27 сентябр кунлари рўй берган оммавий заҳарланишда Тошкент вилоятининг 5 та тумани ва 2 та шаҳрида 1922 нафар бола жабрланган. Тергов ҳаракатлари давомида ана шу 1922 нафар боланинг қонуний вакиллари сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган. Заҳарланиш айнан қайси фирманинг қайси маҳсулотидан келиб чиққани ҳали очиқланмаяпти.

Биринчи ўзбек космонавти умумхалқ танлови асосида аниқланади. Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов маълум қилди. “Космонавтликка талаб юқори бўлади: соғлиқ, физиология, илмий, хорижий тил билиш нуқтаи назаридан. Умумхалқ танлови қилмоқчимиз. Бўлажак космонавт ҳозир ўқиётган бўлиши ёки ишлаётган бўлиши мумкин. Ким бўлишидан қатъи назар, космонавт бўлиш жуда катта бахт”, деди у. Иброҳимов танловнинг шартлари ва муддатига аниқлик киритмади. Президент ҳузуридаги тақдимотда айтилишича, Мирзо Улуғбек номли илмий сунъий йўлдошни учириш 2028 йилга режа қилинган.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев

Мавзуга оид