Жаҳон | 16:54 / 25.01.2022
37325
5 дақиқада ўқилади

«Москванинг режаларини биламиз» – Украина Хавфсизлик кенгаши котиби мамлакатдаги ҳолат ҳақида маълумот берди

Украина ҳукумати мамлакатга Россия бостириб кириши борасидаги Ғарбнинг чиқишларини совуққонлик билан қабул қилмоқда. Президент Зеленский ҳаммани хотиржамликка чақирган.

Фото: Getty Images

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши бош котиби Алексей Данилов ВВС билан суҳбатда Москванинг режаларидан хабардор эканини айтди.

«Ҳозир қўрқувдан бақирадиган вақт эмас, Россиянинг режалари нимадан иборат эканини биламиз. Уларнинг бирламчи мақсади Украина ичидаги вазиятни издан чиқариш. Афсуски, улар ҳозирча буни яхши уддалашмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз вазиятдан келиб чиққан ҳолда хотиржам ҳаракат қилиш», деган бош котиб.

Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши бош котиби Украина чегарасидаги вазият ҳақида ҳам маълумот берди.

«Россиянинг Украина билан чегарасида кўпчилик тасвирлаётганидек аскарлар сони кўпайгани йўқ. Қандайдир манёврлар бўлиб турибди, лекин бу янгилик эмас, улар доим бўлган. Россия ўз аскарларини мамлакати ичида хоҳлаган томонига ҳаракатлантириши мумкин. Улар чегарамизга келгани биз учун ёқимсиз, лекин бу янгилик эмас. Балки Ғарб учун янгиликдир, билмадим», деди Данилов.

Унинг фикрича, Украина ҳамда Россия ўртасидаги уруш 2014 йил – Россия Қримни босиб олгандаёқ бошланган. «АҚШ ёки бошқа давлатлар учун бу янгилик бўлса, биз учун реаллик», деди бош котиб.

Алексей Данилов Ғарб нашрларининг Россия тез орада Украинага бостириб кириши ҳақидаги баёнотлари бежиз берилмаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, дунёда Украина муаммоси қанчалик жиддий эканига энди-энди эътибор беришмоқда.

«Борган сари кўп давлатлар нафақат Украинадаги воқеаларга эътибор бермоқда, балки Украинага ёрдам беришни ўз бурчи деб ҳисоблай бошлади. Албатта, улар ёрдам бериши ҳақидаги баёнотлар биз учун муҳим, лекин амалдаги ҳаракатлар барчасидан зарурроқ. Бизга Россия агрессиясига қарши туриш учун аввало қурол керак. Қуроллар кела бошлагани яхши, аввал бунақа бўлмаганди», деган Украина юқори лавозимли ҳарбий мулозими.

Данилов хорижий давлатлар ўз фуқароларини Украинадан олиб чиқиб кетиши Кремль фойдасига ишлашини қайд этди.

«Ҳамма давлатларда ҳам Россия Украинага бостириб кириши борасида хавотир йўқ. Масалан, Европа Иттифоқига аъзо бўлган кўплаб давлатлар дипломатларини олиб кетиш ҳақида ўйламаяпти. Унутманг, ОАВда уруш хавфи юқори экани ҳақидаги чиқишлар, дипломатларни Украинадан олиб кетиш фақат ва фақат Кремль фойдасига хизмат қилиб, Украина иқтисодига зарар олиб келади.

Биз ҳамкорларимизга ҳам шуни тушунтирмоқчи бўляпмиз: Украина иқтисоди тушиб кетишига йўл қўя олмаймиз. Одамлар тушкунликка тушса, бу мамлакат учун ёмон ҳолат. Бундай вазиятда одамлар фикрини исталган томонга йўналтириш янада осон бўлади. Россия айнан шунга эришишга ҳаракат қилмоқда. Нега ҳамкорларимиз шуни билиб ҳозиргидай ҳаракат қилётганидан ҳайронман», дейди у.

Данилов Россия томонидан Украинага хавф анчадан буён мавжудлигини айтар экан, бу борада Кремлни агрессиянинг оқибатларидан огоҳлантирмаган АҚШнинг ҳам айби борлигини таъкидлади.

«2008 йил Путин АҚШ президенти (Жорж Буш) билан учрашувда Украина деган давлат йўқлиги, бу сунъий тушунча эканини айтган, аммо бу гапи учун америкалик ҳамкасбидан муносиб жавоб олмаган.

Ҳамма иш ўз вақтида қилиниши керак. Акс ҳолда демократия хавф остида қолади. Демократия ўзини ҳимоя қила олиши шарт, керак бўлса қўлида қурол билан. Шундай экан, демократияни йўқ қилишга интилаётган тузумлар нафақат Украина учун, балки Европа ва дунё учун хавфли», деган у.

Буюк Британия россияликларнинг Украинага бостириб кириши хавфи остида Киевдаги элчихонаси ходимларини олиб чиқишни бошлади

Душанба куни Британия уруш хавфи сабаб Украинадан дипломатларини олиб чиқишни бошлаганди. АҚШ эса элчихона вакилларининг оила аъзоларига мамлакатни тарк этишни маслаҳат бериб, дипломатларнинг ўзига ҳам хоҳиши бўлса, кетишга рухсат берганди. Кейинроқ Австралия ҳам дипломатларини олиб кетишга киришди, Франция ва Япония эса фуқароларига зарур эҳтиёжсиз Украинага бормасликни, борганларга эса ортга қайтишни тавсия қилди.

Украина ташқи ишлар вазирлиги дипломатларини олиб кетаётган давлатларнинг ҳаракатларини ортиқча эҳтиёткорлик ва воқеалар ривожидан илгарилаб кетиш деб баҳолади.

2021 йил октябр ойидан буён Ғарб нашрлари Россия Украина чегарасида 100 минг аскар тўплагани ҳақида ёзиб келишади. Кейинчалик бу баёнотлар расмий доираларга кўчди ва сиёсатчилар Россия 2022 йил қишида Украинага бостириб кирмоқчи экани ҳақида ёза бошлашди. Россия бу айбловларни рад этиш асносида Ғарбдан Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги бўйича ҳуқуқий кафолат талаб қилмоқда.

Мавзуга оид