19:11 / 27.01.2022
4878

Ўзбекистонда йил бошидан буён 28 киши ис газидан вафот этди

Ўзбекистонда 2022 йилнинг 25 январь ҳолатига кўра, ис гази билан боғлиқ 16 та ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган ФВВ, ИИВ, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, йил бошидан буён рўй берган 16 ҳолатда 28 киши вафот этиб, 9 киши заҳарланган.

Таққослаш учун, 2021 йил давомида ис гази билан боғлиқ жами 74 та ҳолат аниқланган. Уларда 128 нафар фуқаро вафот этган ва 67 нафар фуқаро заҳарланганди.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

  • фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
  • ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш шулар жумласидан.
Top