10:16 / 15.09.2021
9576

СамДТИ талабалари янги ўқув йилини замонавий бинода бошлашди

Самарқанд давлат тиббиёт институти талаба-ёшлари жорий ўқув йилини янги бинода бошлашди. Бир сўз билан айтганда, замон талабларига жавоб берадиган мазкур бино нафақат талабалар, балки педагогик жамоа учун ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Жорий йилда олийгоҳнинг биринчи босқичига 1846 нафар талаба, улардан 875 нафари бакалавриат, 202 нафари магистратура, 482 нафари клиник ординатурага қабул қилинди. Халқаро қўшма таълим дастурлари асосида 225 нафар бакалавриат, 10 нафар магистратура, 52 нафар  клиник ординатура йўналишида ўқишни бошлашди.

Дастлабки кунларданоқ талабаларга карантин қоидаларига амал қилиш тавсия этилди. Хусусан, бинонинг кириш қисмида тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалар ва бир марталик ниқоблар ташкил қилинди.

Мустақиллик дарсида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев биринчи курсга қабул қилинган талабалар билан учрашди. Тадбирда талабалар ва уларнинг ота-оналари, яқинларини табриклади. Сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қабул квоталари оширилиб, алоҳида имтиёзлар жорий этилгани, институтда янги йўналишлар очилгани таълим сифатининг ижобий томонга ўзгараётгани эътироф этилди. Бу табиийки, таълим-тарбия олиш истагида бўлган ёшлар учун қўшимча имконият беришини англатади.

Биринчи курс талабаларига бир ҳафта давомида таништирув ҳамда Мустақиллик дарслари ўтилди. Қолган барча курс талабаларига дарслар ўқув режа асосида олиб борилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, институтнинг янги биноси бир вақтнинг ўзида 800 дан ортиқ талабани қамраб олади. Айни вақтда мазкур бинода 1-3 курс талабалари таҳсил олмоқда. Бинода ўттиздан ортиқ кимё лаборатория хоналари, йигирмадан ортиқ сўнгги русумдаги микроскоплар билан жиҳозланган хоналар мавжуд.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати Ⓣ

Top