Ўзбекистон | 11:38 / 29.01.2022
16889
7 дақиқада ўқилади

Аҳолининг ночор қатлами учун ишлаб чиқилган қонун тақдири нима бўлди?

Октябр ойида Сенат “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунни имтиёзлар назарда тутилгани туфайли қайтариб юборганди. Бироқ бу имтиёзлар аҳолининг заиф қатламини қўллаш учун киритилганди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Бундан уч ой муқаддам бўлиб ўтган Сенатнинг 20-ялпи мажлисида “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан Қонунчилик палатасига қайтарилганди. Қонунни кўриб чиқиш жараёнида сенаторлар ва адлия вазири Русланбек Давлетов ўртасидаги тортишув жамоатчилик эътиборини тортганди.

Хусусан, фаол жамоатчилик сенаторлар қонуннинг моҳиятини тушунмаган ҳолда ортга қайтарганини, адлия вазирининг ўринли фикрлари инобатга олинмаганини таъкидлаганди.

Сенат эса қонун батамом бекор қилинмаганини, балки қонунни пухта ишлаш нуқтайи назаридан қайтарилганини, кейинги ялпи мажлисларда қайтадан муҳокамага қўйилишини билдирганди.

Шундан буён Сенатда 2 марта ялпи мажлис бўлиб ўтди, аммо қонун кун тартибидан ўрин олмади. Шунга кўра, қонуннинг кейинги тақдири мавҳумлигича қолмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ижтимоий тадбиркорлик ўзи нима?

Ижтимоий тадбиркорлик – аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини иш ўринлари, ижтимоий товарлар ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш, аҳолига тиббий буюмлар, дори воситалари ёки ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини таннархида ёхуд таннархидан паст бўлган нархларда сотиш, фавқулодда ҳолатларга қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда бошқа ижтимоий мақсадларни кўзлаган фаолият ҳисобланади.

Фото: donland.ru

Кўриниб турибдики, ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг бирламчи мақсади даромад олиш эмас, балки аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини иш ўринлари, арзон ижтимоий товарлар ва арзон ижтимоий хизматлар билан таъминлаш ҳисобланади.

Шундай экан, ушбу мақсадларга эришиш йўлида ижтимоий корхона кўрадиган зарарларни оз бўлса-да қоплашга хизмат қилиши учун имтиёзлар берилиши мантиқан тўғри бўлади. Ахир, ҳамма саховатпеша тадбиркорлар ҳам имтиёзларсиз ишлашга кўнавермайди.

Бир қонун тарихи

Ўзбекистонда мазкур қонунни ишлаб чиқиш бўйича ғоялар бир неча йиллардан буён мавжуд бўлиб келган.

2020 йилга келиб, ғоя ҳужжатга кўчди – президент фармони билан тасдиқланган 2020 йилги давлат дастурининг 190-бандида ижтимоий тадбиркорлик бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Лойиҳада илғор хорижий тажриба асосида ижтимоий тадбиркорликнинг асослари, ижтимоий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларни рағбатлантириш чоралари назарда тутилиши лозимлиги қайд этилди.

Шунга асосан Адлия вазирлиги “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, 2020 йил 24 март куни жамоатчилик муҳокамасига қўйди. 2021 йил 13 январ куни лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилди.

Узоқ муддатдан сўнг, яъни 2021 йил 24 август куни Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунни қабул қилиб, Сенатга юбориш ҳақидаги қарорга келди.

Сенаторлар имтиёзлардан норози

Ночорларни қўллашга қаратилган имтиёзлар сенаторларни нега норози қилгани кўпчилик учун қоронғилигича қолмоқда. Ҳар ҳолда, қонун ялпи мажлисда кўриб чиқилаётганда сенаторлар билдирган фикрлардан уларнинг ижтимоий тадбиркорлик моҳиятини тушунмай, одатий тадбиркорлик билан чалкаштириб юборганликлари кўзга ташланди.

Хусусан, сенатор Бахтиёр Умаров ва уни қўллаб-қувватлаган бошқа сенаторлар ижтимоий корхоналарга назарда тутилган имтиёзлар “бизнес муҳитига салбий таъсир қилиши, инвесторлар келмай қўйиши, Жаҳон банки тадбиркорликка имтиёз бермасликни тавсия этган”ини таъкидлашди.

Бахтиёр Умаров

Имтиёзлар хорижда йўқми?

Имтиёзлар борасида сенаторларнинг эътирози қанчалик асосли? Ижтимоий корхоналар хорижда имтиёзсиз ишлайдими?

Ушбу саволларга жавоб олиш учун бир неча хорижий давлатлар тажрибасини кўриб ўтамиз.

Россия Федерацияси қонунчилигига ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ тушунча ва қоидалар 2019 йилда киритилган. “Россия Федерациясида кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида”ги қонунга кўра, ижтимоий тадбиркорлик соҳасида фаолият юритувчи кичик ва ўрта бизнес субъектларига давлат томонидан мулкий, молиявий ва бошқа бир қатор қўллаб-қувватловлар берилиши назарда тутилган. Шунингдек, қонунда ижтимоий эҳтиёжманд тоифалар рўйхати ҳам келтирилган. Негадир россиялик сенаторлар бошқа қонунларда ҳам эҳтиёжманд тоифалар келтирилганини айтиб қонунни қайтариб юборишмаган.

Белгияда 1995 йилдаги қонун билан “ижтимоий мақсадли корхона” тушунчаси белгиланди, ушбу турдаги корхоналарга имтиёзлар назарда тутилди.

Жанубий Кореяда 1997 йилда қабул қилинган “Ижтимоий корхоналарни ривожлантириш тўғрисидаги”ги қонунда ижтимоий корхоналарга бир қатор қўллаб-қувватловлар, хусусан, солиқ имтиёзи кўзда тутилган.

Бошқа бир қатор хорижий давлатларда ҳам ижтимоий корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланган.

Қонун тақдири нима бўлди?

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида”ги қонунга кўра, Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этиш важлари кўрсатилиши керак. Шунингдек, қарорда бир вақтнинг ўзида қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурлиги тўғрисидаги, шунингдек келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифлар баён этилиши мумкин.

Маълум бўлишича, Қонунчилик палатасида қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси шуғуллангани туфайли Сенатдан қайтган қонун ушбу қўмитанинг кўриб чиқиши учун топширилган.

Қўмита раҳбари Мавлудахон Ходжаева қонунни рад этиш тўғрисидаги Сенат қарорида келишув комиссияси тузиш назарда тутилмаганини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, Сенат ялпи мажлисида қонунни рад этиш бўйича қайси важлар билдирилган бўлса, Сенат қарорида ҳам ушбу важлар келтирилган. У якунда Қонунчилик палатаси қонун бўйича Сенат билан келишув комиссияси тузиш қарорига келганини, декабр ойида ушбу масала бўйича Сенатга таклиф жўнатилганини, ҳозирча Сенатдан расмий жавоб бўлмаганини билдирди.

Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раҳбари Мавлудахон Ходжаева
Фото: uzlidep.uz

Қонунни ишлаб чиқишдан мақсад – ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг фақат давлат томонидан тўланадиган нафақага қарам бўлиб қолмасдан, уларни меҳнат билан шуғулланишга руҳлантириш, уларни иш билан таъминламоқчи бўлган тадбиркорларга рағбат ҳосил қилиш эди. Чунки, имтиёз бўлмаса, ҳар ким ҳам ногиронни ишга олишни хоҳлайвермайди. Имтиёзлар берилса, иш берувчилар эҳтиёжманд, имконияти чекланган тоифани ишга олишга оғринмайди. Бунинг натижасида эҳтиёжманд қатламда ҳам нафақа олиб, ҳам маош олиб, яшашга қизиқиши бирмунча ошган бўларди”, – дейди қўмита раҳбари.

Фото: law.journalist.kg

Қуйи палата таклифи бўйича Сенатдан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Умид қиламизки, сенаторлар қонуннинг ижтимоий аҳамияти ва муҳимлик даражасидан келиб чиқиб, қонун билан чуқур танишиб чиқишади ва ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли фойдасига қарор қабул қилишади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид