Ўзбекистон | 18:29 / 29.01.2022
1143
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 2021 йилда тадбиркорлардан ноҳақ ундирилган 40 миллиард сўм қайтарилди

Қашқадарё вилоятида 2021 йилда бизнес омбудсман аралашуви билан тадбиркорлардан ноҳақ ундирилган 40 миллиард сўм қайтариб берилган. Бу ҳақда бизнес омбудсманнинг Қашқадарё вилояти девони вакили Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Қайд этилишича, 2021 йилда бизнес омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг 529 та мурожаатлари кўриб чиқилган.

Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлиги учун 140 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Улар асосида айбдор шахслардан 90 миллион сўмдан ортиқ жарималар ундирилган.

Бундан ташқари, бизнес омбудсман вакилларининг аралашуви билан тадбиркорлик субъектларидан солиқ ва мажбурий тўловларидан ортиқча ундирилган 40 миллиард 299 миллион сўм маблағ қайтариб берилган.

Тадбиркорлик субъектлари манфаатларида судларга киритилган даъво аризалари асосида тадбиркорларга давлат органлари  ва ташкилотлардан 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилиши белгиланган.

Киритилган шикоятлар асосида қуйи инстанция судларининг тадбиркорлик субъектлари манфаатида зид тарзда қабул қилинган 10 га яқин қарорлари бекор қилинган.

Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 100 га яқин суд мажлисларида иштирок этилган.

Вазирлик ва идораларнинг ҳудуддаги 9 та бошқармасида тадбиркорлик субъектлари соҳасида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинганлиги ҳолати ўрганилиб, 200 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланган.

Маълумот учун, бизнес омбудсман Қашқадарё вилояти девонида 4 нафар ходим фаолият олиб боради.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид