Ўзбекистон | 15:11 / 01.02.2022
34526
3 дақиқада ўқилади

Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларнинг барчасига компенсация тўланадиган бўлди

1 мартдан бошлаб имтиёзли тоифага кирувчи, лекин расмий ишда ишламайдиган ва пенсия/нафақа олмайдиган шахслар ҳам компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлди. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчиларга ойига 130 минг сўмдан тўланади.

Фото: Kun.uz

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Даврон Позилов ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий қўллаб-қувватлашга оид президент фармонига шарҳ берди.

Позилов АОКАдаги брифингда маълум қилишича, 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

  • барча имтиёзли тоифага кирувчи (қўшимча равишда 30 минг нафар) шахсларга, уларнинг пенсия (нафақа) олиши ёки меҳнат фаолиятини олиб боришидан қатъи назар, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида, яъни 130 минг сўм миқдорда компенсация пулини олиш ҳуқуқи берилади;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчи шахсларга 130 минг сўм компенсация тўлови жорий этилади;
  • ёши 100 га тўлган ва ундан ошган нафақа олувчи шахсларга ҳар ойда пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорида, яъни 289 минг сўм миқдорда қўшимча тўлов тўлаб борилади.

Барча имтиёзли тоифадаги шахслар сони 100 минг кишидан оширилади.

Ушбу компенсация пул тўловларини олиш ҳуқуқига эга фуқаролар доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, ёши 100 га тўлган ва ундан ошган пенсия ёки нафақа олувчи шахсларга тўланадиган кўшимча тўлов Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан автоматик тарзда ахборот тизими орқали тайинланади.

Мазкур тўловларни молиялаштириш учун бюджетдан қўшимча 36,4 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Маълумот учун, бугунги кунгача уй-жой коммунал хизматлари харажатларини қисман қоплаш учун 5 турдаги имтиёзли тоифадаги шахсларга, яъни салкам 70 минг кишига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини табақалаштирган ҳолда 72 минг сўмдан 144 минг сўмгача бўлган миқдорда компенсация пуллари тўланиб келинаётган эди.

Компенсация пул тўлови қуйидаги шахсларга тўланади:

  • 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари;
  • уруш ногирони ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар (жумладан, байналмилалчи, тинчлик ўрнатувчи ҳарбий хизматчилар);
  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;
  • концлагер маҳбуслари, Чернобиль атом электр станцияси ҳалокатини бартараф этишда қатнашиб жабрланганлар, ядро ва радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаганлар;
  • 1941-1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари.

Шу пайтгача, компенсация тўлови фақат меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ёки пенсия ва нафақа олувчи фуқароларга тўланиши белгиланиб, имтиёзли тоифага кирувчи, аммо меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиган ҳамда пенсия ва нафақа олмайдиган шахсларга тўлов амалга оширилмаган.

Президент фармони билан Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган, Афғонистондаги ҳарбий харакатларда иштирок этган, меҳнат фаолияти билан шуғулланмаётган ҳамда пенсия ва нафақа олмаётган шахсларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчиларга (жами бўлиб 30 мингга яқин киши) ҳам компенсация тўловлари амалга оширилади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид